Куни кеча Осиёнинг икки карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов веб-сайтимизда меҳмон бўлиб, мухлисларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб берди. Эрматов таҳририятимизда Интернет-шоуда иштирок этаётган пайтда ПФЛ матбуот хизмати ходими Алим Арифов унга қўнғироқ қилиб, у билан интервью уюштириш нияти борлигини маълум қилди. Соат 17.00 лар атрофида истеъдодли ҳакамимиз таҳририятдан чиқиб, Федерация биноси томонга йўл олди ва ПФЛ веб-сайти учун интервью берди. Гарчи Эрматов "Чемпион” газетаси учун ҳам махсус интервью берган бўлса-да, биз унинг ПФЛ сайтига берган интервьюсини таржима қилган ҳолда, эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
— Энг аввало, ушбу совринни қўлга киритишимда менга ёрдам берган, мени қўллаб-қувватлаб турган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман.
— Бу йил ҳам ўтган йилги муваффақиятни такрорлашингизга ишонганмидингиз?
— Тўғрисини тан оладиган бўлсам, иккинчи марта бундай ютуққа эришаман деб ўйламагандим. Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Мен эътиборимни соврин олиш учун эмас, фақат ўйинга қаратаман. Халқаро ўйинларда менга берилган баҳолар ҳақида гапирадиган бўлсам, ўйин назоратчилари ҳар доим ҳам қўйган балларини айтаверишмайди. Шунинг учун менга қўйилган баллни билишга интилмайман.
— Тақдирлаш маросимида нима учун ютуғингизни ОФКнинг ҳакамлар департаменти собиқ директори Назри Абдуллага бағишлайман, дея гапирдингиз? Бу инсон сизнинг фаолиятингизда қандай роль ўйнаган?
— Ўзбек халқида "Устоз отангдек улуғ” деган нақл бор. 2003 йилда мен илк марта ФИФАнинг янги ҳакамлар учун ташкил этилган илк семинарига таклиф қилингандим. Унда 40 нафар ҳакамлар йиғилганди. Ўшанда биз турли йўналишлар бўйича ҳар хил тестлар топширгандик. Тўртинчи кун эса бизни майдонда синаб кўришга қарор қилишди ва ташкилотчилар 2 та ўйин ўтказиб, ҳар бир ҳакамга 4-5 дақиқадан имконият беришди. Мен ҳам барча ҳакамлар каби ўзимга ажратилган вақтда ҳакамлик қилдим. Ўйиндан кейин ёнимга Назри Абдулла келди ва ҳаракатларим унга ёққанини ва кейинчалик халқаро ўйинларни бошқаришда менга ёрдам беришини айтди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Тошкентга қайтиб келганимда, менга ОФК чемпионлари лигаси ўйинига тайинланганим ҳақида хабар келди. У пайтда ОЧЛ бошқачароқ форматда ўтказиларди. Барча ўйинлар битта шаҳарда бўларди. Назри Абдулла бу гуруҳ ўйинларига назоратчи этиб тайинланганди. Мен 2 та ўйинда ҳакамлик қилдим. Ҳал қилувчи паллада эса тажрибали ҳакамлар бўлишига қарамасдан, Назри Абдулла муҳим ўйинни менга топширди. У менга қандай жамоалар ўйнаётгани ҳақида ўйламасдан, шунчаки майдонга чиқиб, фақат икки хил рангдаги формани ажратиб олиш кераклигини айтди. Ўшанда мен бор-йўғи 25 ёшда эдим.
Ўшанда у мени муҳим ва оғир ўйинга тайёрлай олган экан. Назри Абдулла шундан сўнг менинг ўйинларимни доимо кузатиб борди ва ўз фикрларини юбориб турди. У мени доимо ўқитишда, тарбиялашда давом этди. Бунинг учун ундан миннатдорман. У каби инструкторлар кам бўлади. У инсоннинг обрўсига, қайси давлатдан эканлигига қараб эмас, фақат қилган ишингга қараб муносабатда бўлади. Бир марта шундай ҳодиса рўй берганди. У Тошкентга келганида, 2 кунлик бўш вақтга эга бўлиб қолади. Ўшанда у менга қўнғироқ қилиб, ҳакамлар учун семинар ўтказишни таклиф қилганди, гарчи унга бу хизмати учун ҳеч ким ҳақ тўламаган бўлса-да. У мана шундай ажойиб инсон эди.
— Совринни қабул қилиб олганингиздан сўнг, биринчи интервьюнгизда бу йил сиз учун энг қийин ўйин Саудия Арабистони ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўйин бўлганлигини айтдингиз. Ушбу мавсумда кўпгина муҳим ўйинларда ишлаган бўлсангизда, нимага айнан ўша ўйинни танладингиз?
— Ўйиннинг ўзи ҳакамлик иши жиҳатидан унчалик мураккаб бўлмади. Қийинчиликлар ўйин атрофидаги гап-сўзлар билан боғлиқ эди. Чунки бу плеф-офф ўйини эди ва биргина хато у ёки бу жамоани тақдирини ҳал қилиши мумкин эди. Бу катта масъулият. Бундан ташқари, мен ФИФАнинг ЖЧни бошқаришга номзод ҳакамларидан бири бўлганим учун бу ҳолат масъулиятимни янада оширганди. Айтишим мумкинки, 2009 йилги мавсум фаолиятимдаги энг қийин мавсумлардан бири бўлди. Йил давомида босим остида ишладим ва хато қилишга ҳаққим йўқлигини билиб, руҳий қийинчилик ва стрессни бошдан кечирдим.
— ОФКнинг ғолибларни тақдирлаш маросимида фамилиянгизни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
— Хурсанд бўлдим. Бундай хабарларни доимо ёқимли ҳис билан қабул қиламан. Бундай унвон ҳар бир ҳакамга ҳам берилавермаслигини тушуниб етдим. Бундай мукофот учун Аллоҳга шукрона айтаман.
— Ўтган йилгиси билан таққослаганда-чи?
— Албатта, ўтган йили ҳис-ҳаяжон кўпроқ бўлганди. У пайтда мен Осиёнинг энг яхши ҳаками бўламан деб ҳеч қачон орзу қилмгандим. Шунинг сабабли бу номинациянинг номзодлар қаторида бўлишнинг ўзи мен учун кутилмаган ҳол бўлганди.
— Кўпчиликни қизиқтираётган савол: қачон ЖАРда бўладиган ЖЧга боришингиз ҳал бўлади? Иккинчи марта Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлганингиздан сўнг, мутахассислар албатта ЖАРга боришингиз ҳақида гапира бошлашди.
— Эрматов Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлиб, ЖЧга чиптани бронлаб қўйди, деганлар адашишади. Чунки ФИФА ҳеч қачон шахсий натижаларга эътибор бермайди, балки ҳар бир ҳакамни ўзи баҳолайди. Менга боғлиқ бўлган барча ишларни қилдим. Дастлабки тайёргарликни 2007 йилда Швейцариядаги семинарда йиғилиб, бошлаб юборгандик. Ўшанда 80 нафар ҳакам бор эди. Ҳозирги кунга келиб 37 нафар ҳакам қолди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, уларнинг сони 30 тага қисқартирилади, 24 нафар асосий ва 6 нафар захира ҳаками қолади.
— Баъзи гапларга қараганда, ёрдамчиларингиздан бири Абдуҳамид Расуловнинг норматив топшира олмагани туфайли, сиз ҳам ЖЧга бора олмаслигингиз мумкин экан. Бу тўғрими ва Расуловнинг ҳозирги ишлари қандай?
— Кўпчилик билади, ўтган галги ЖЧга Михуто Гонсалез ва Киррос Вассарос каби машҳур ҳакамлар бора олмай қолишганди. Ўша пайтда улар нафақат Европада, балки Жаҳонда ҳам энг яхши ҳакамлар ҳисобланишарди. Лекин улар ёрдамчиларининг норматив топшира олмагани туфайли мундиалдан қолиб кетишганди. ФИФАда шунақа қоида бор: ё ҳамма, ё ҳеч ким.Абдуҳамид август ойида норматив топшира олмади ва ўсмирлар ўртасидаги ЖЧга мен билан Рафаэль Илёсов борди. Шунингдек, Саудия Арабистони — Баҳрайн баҳсида менинг бригадамда Рафаэль Илёсов ҳам ишлади. Лекин кейинчалик Расулов нормативни қайтадан топширди ва клублар ўртасидаги ЖЧга бирга борамиз. Мухлисларга бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, саудиялик ҳакамлар тестдан ўта олмагани туфайли клублар ўртасидаги ЖЧга биз захира ҳаками сифатида кетаяпмиз. Шунинг учун ўйинларни бошқарамизми ёки йўқми, ҳозирдан буни аниқ билмаймиз. Шунга қарамай, биз у ерда тахминан 17-18 кун бўламиз ва ФИФАнинг ҳар қандай мусобақаси биз учун доимо фойдали. У ерда брифинглар, ўйинларнинг ўзаро таҳлили ўтказилади. Ўқиш учун имкон бор экан, ўрганишда давом этаман. Кимки, ўқиш ва ўрганишдан тўхтаб қолса, у фаолиятини тўхтатса ҳам бўлади.
— Сиз 2010 йилни қандай ўтказмоқчисиз?
— Юқорида айтганимдек, 2009 йил фаолиятимдаги энг қийин мавсумлардан бири бўлган бўлса, 2010 йил янада мураккаб бўлади. Мен ҳар бир учрашувга қандай тайёргарлик кўрган бўлсам, кейинги мавсумга ҳам худди шундай тайёргарлик кўраман. Сенга ҳал қилувчи ўйинларни ишониб топширишганда, ҳар доим қийин бўлади.
— Сиз каби ютуқларга эришиш учун ёш ҳакамларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
— Ўз олдига энг юксак мақсадларни қўйиб, тинимсиз меҳнат қилиш керак. Энг асосийси — интилиш, мақсад сари интилиш ва яхши нарсага интилиш.
Алим Арифов
ПФЛ матбуот-хизмати