18-миллий чемпионатимиз якунлари хусусида фикр юритадиган бўлсак, айрим жамоаларда юксалиш бўлди, баъзиларида эса... Мавсум омадсизлари қаторига водийнинг икки донгдор клуби - «Нефтчи» ва «Навбаҳор»ни ҳам қўшиш мумкин.
Айниқса, Наманган жамоаси яна минглаб мухлисларини ранжитди. Яхшиямки, жамоа бир амаллаб бўлсада, олий лигада «жон» сақлаб қолди. Сир эмаски, Наманган ва Фарғона шаҳарлари азалда иқтидорли футболчиларни тарбиялаб берадиган масканлар сифатида эътироф этилади. Жамоаларимизнинг ҳозирги таркибларига бир эътибор беринг: Водий клубларида тарбия топган кўплаб футболчилар етакчилик мавқеига эгалар. «Нефтчи» хусусида эса ҳар қанча гапирсак арзийди. Жамоа ҳеч қачон ўзи танлаган йўлдан қайтмайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Юрий Саркисянни нимага ҳурмат қиламиз? Чунки у асосан эътиборини ёшларга қаратади. Бу миллий футболимиз равнақи учун жуда ҳам муҳим. Зеро, футболимиз келажаги айнан ўзимиздаги иқтидорлар қўлида. «Нефтчи» гарчи бу йил ўзини унчалик кўрсатолмаган бўлсада, Саркисяннинг ишига ижобий баҳо беришга асослар етарли. Биргина Ўзбекистон ёшлар термасига «Нефтчи»да 4-5 футболчи жалб этилганини ҳисобга олсак, клубнинг ёшлар тизими фаолияти ҳозир ҳам чакки эмаслиги ойдинлашади. Дониёр Усмонов, Ислом Тўхтахўжаев, Дилёрбек Эрматов, Сардор Мирзаевлар Мисрдаги кичик мундиалга боришди. Улар футбол мактаб - интернатида таҳсил олишган. Яъни четдан келишмаган. Албатта, ёшларнинг юзага қалқиб чиқишлари замирида катта меҳнат ётибди. Айтмоқчиманки, интернат раҳбарияти ва мураббийларию, ходимлари амалга ошираётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бас шундай экан, «Нефтчи»нинг келажагидан хавотирга тушмасак ҳам бўлади. Чунончи, клубнинг тамал тоши бақувват. Ишончим комил, севимли жамоамиз яна олдинги мавқеини тиклайди. Асосийси, ўзи танлаган йўлдан асло чекинмайди. «Навбаҳор»нинг келажагига ҳам умид билан қарашга ҳақлимиз. Шу шаҳарлардаги стадионларнинг қайта таъмирланиши ҳам жамоаларни ривожланишларига туртки бўлса, ажабмас. Хуллас, мухлисларнинг «Нефтчи» ва «Навбаҳор»дан умидлари катта. Уларнинг иштирокида чемпионлик учун ҳақиқий кураш кечишига гувоҳ бўлишдан умидвормиз. Халқимизда бир пурмағз мақол бор: «Яхши от кейин чопади». «Нефтчи» ва «Навбаҳор» жамоалари буни вақтида исботлашган ва бу яна такрорланишига шахсан мен қаттиқ ишонаман.
Муҳсинжон ЭРМАТОВ, Бағдод тумани, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.