«Динамо» – «Навбаҳор» жамоалари ўйини
ниҳоясига етгач, ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўйиндан кейинги
фикрлари билан ўртоқлашишди. Дастлаб, журналистлар саволларига
меҳмонлар устози Виктор Жалилов жавоб берди.
Виктор Жалилов («Навбаҳор» бош
мураббийи): - Бугун ўйингоҳга йиғилган мухлислар томошабоп
футболдан баҳраманд бўлишди. Айниқса, иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа
ҳужумкор футбол намойиш этди. Мезбонларда бўлгани каби, бизда ҳам гол
уриш учун имкониятлар бўлди, аммо менимча омад бугун рақибларимиз
томонида эди. Шогирдларим ўйинига келсам, улар ёмон ўйин кўрсатишгани
йўқ, уларга тажриба етишмади холос.
- Бугун «Динамо» каби «Навбаҳор» ҳам бир қатор асосий таркиб
футболчилари ўрнига ёшларни майдонга туширди. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Бу ўйинда 2-3 та футболчига ўйин беришни лозим топдик. Чунки
уларнинг ўйин амалиётлари кам эди. Қолаверса, чемпионатда ўйинлар зич
график асосида бўлаётганлиги учун айрим футболчиларимиз бетоб, айримлари
эса жароҳат олганлар. Масалан, Микола Павленко, Акмал Холмуродов
сингари футболчилар жароҳатларидан тўлиқ фориғ бўлганлари йўқ. Шунинг
учун бугун кўзлаган футболчиларимни майдонга туширишни лозим деб топдим.
- Виктор Романович, умуман олганда жамоа олдида Кубок
ўйинларида қандайдир натижага эришиш мақсади қўйилганми?
- Албатта. Мақсад бўлмаса ўйнашдан не ҳожат. Бизнинг олдимизга
аниқ мақсад қўйилмаган бўлсада, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб имкон
қадар муваффақиятли иштирок этиш кўзланган.
- Бугунги «Навбаҳор»нинг кичик ҳисобдаги мағлубиятидан кейин
жамоангизнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Имкониятлар ҳар икки жамоада ҳам тенг. Яъни 50/50.
Меҳмонлар устози Виктор
Жалиловдан кейин, «Динамо» бош мураббийи Азамат Абдураимов саволларга
жавоб берди.
Азамат Абдураимов («Динамо» бош мураббийи): - Кўпгина жамоалар
Кубок ўйинларини иккинчи даражадаги турнир сифатида қабул қилсаларда,
биз бугун чиройли ўйин кўрсатиб мухлисларимизни қувонтиришга интилдик.
Чемпионатдаги кетма-кет ўйинлар, тиғиз график сабаб бундай ўйинларда
айрим футболчиларимизга дам бердик ва уларнинг ўрнига етишиб чиқаётган
ёш футболчиларимизни майдонга туширдик. Қолаверса, «Навбаҳор»га қарши
ўйинда ўйин амалиётига кўпроқ эга бўлишлари учун Ҳамдам Раҳмонов,
Дмитрий Краев, Алексей Даниленко, Турғун Қобилов, Ислом Ахмедов,
Омаджон Тайлоқов сингари футболчиларни таркибга киритдик. Умуман
олганда, шогирдларим ўйинидан қониқдим. «Навбаҳор» ҳам иккинчи бўлим
бошида жамоамизни саросимага тушириб қўйди. Бугунги ўйинда биз кўпроқ
ғалаба қозонишни хоҳладик ва қатор голли вазиятлар юзага келтириб
улардан иккитасидан фойдаландик ҳамда ҳақли ғалабага эришдик.
- Жамоанинг кейинги босқичга
чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Имкониятларимиз тенг. Тўғрисини айтганда бизнинг айни кундаги
асосий мақсадимиз кейинги турда Муборакда «Машъал»га қарши
муваффақиятли тўп суриш ва ғалаба билан қайтиш. Аммо, ўйлайманки
Муборакдаги ўйиндан кейин биз Намангандаги баҳсга яхши тайёргарлик кўра
оламиз ва водйига ҳам керакли натижага эришиш учун йўл оламиз.
- Умуман олганда Кубок баҳсларида жамоа олдига қандай вазифа
қўйилган?
- Вазифа ҳар бир ўйинда ғалаба учун тўп суриш ва иложи борича
муваффақиятли иштирок этиш. Агар, «Навбаҳор» билан қониқарли натижага
эришсак, бу турнирда ишларимиз юришишига ишонаман. Аммо, биз барча кучни
Ўзбекистон Кубоги мусобақасига ташлай олмаймиз. Чунки, кейин иккинчи
давра учун тайёргарликни ҳам ўз вақтида муаммоларсиз олиб бориш керак
бўлади. Шунинг билан бирга, биринчи давранинг сўнгги турида қониқарли
натижага эришиб даврани муносиб ўринда якунлашимиз зарур.
Усмон Ибодов ёзиб олди.
|