Рукн: Янгиликлар » ОЛИЙ ЛИГА Хабарлар лентаси » Ҳозиргина, "Олий лига-2010"нинг бугунга белгиланган сўнги учрашуви Қашқадарёда ниҳоясига етди. Унда Қаршининг "Насаф" клуби Ғузорнинг "Шўртан" жамоасини қабул қилди. Учрашув 0:0 ҳисобида тугади. Кутилганидек, бир-бирига ўхшаш икки клуб футболида муроса кўчаси танланди. Ўйин бошланишидан олдин мухлислар учун, Қарши шаҳрида ўзига хос футбол байрами ташкиллаштирилди.
Демак, бугун бешта учрашув ниҳоясига етди. Таркибни 10 киши бўлиб тугатган "Қизилқум" жамоаси ўз майдонида Бекободнинг "Металлург" клубига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Учрашувнинг 73-дақиқасида Б.Калевич томонидан киритилган ягона тўп ўйин охиригача ўзгармай қолди.
Тошкентда бўлса, Вадим Абрамов шогирдлари Фарғонликларга меҳмондўстлик қилиб ўтиришмади. Қолган учрашувларни "Пахтакор" стадионида ўтказадиган "Локомотив" жамоаси "Нефтчи"ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Олим Навкаров 40-дақиқада биринчи голни киритган бўлса, У.Боқиев 55-дақиқада жавоб берди. Кейин эса, катта саҳнага Аран Восканян чиқиб, 72 ҳамда 84-дақиларда дублга эришиб, жамосининг ғалабсига ўзининг ҳиссасини қўшди.
Наманганда бўлса, нурсиз дуранг қайд этилди. "Навбаҳор" ўз уйида Муборакнинг "Машъал" жамоси билан 0:0 ўйнади. Умуман олганда турнир чиройли старт олди. Ҳакамларнинг ҳатти-ҳаракатларида ҳам унчалик катта хатолар кўзга ташланмади.
Агарда "Локо" - "Нефтчи" ўйинидаги натижани ҳисобга олмасак, бугунги учрашувларда голлар сони кўп бўлмади. "Футбол башорати-2010" натижалари бўйича тўпланган балларни эртанги ўйинлардан кейин билиб олишингиз мумкин бўлади.