Наманганнинг «Навбаҳори» Қрим ўлкасининг Алушта шаҳридаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб юртимизга қайтиб келди. Украинадаги сўнгги ўйинларини Виктор Жалилов шогирдлари маҳаллий «Севастополь» жамоасига қарши ўтказдилар.
Учрашув мезбонларнинг устунлигида ўтди ва улар наманганликлар дарвозасига тўртта жавобсиз тўп киритдилар. Алуштада Жалилов бир қатор украиналик футболчиларни кўрикдан ўтказди. Шулардан фақат Алексей Хромцов ва Александр Половковлар «Навбаҳор» билан Ўзбекистонга келишган. Уларнинг иккиси ҳам бундан олдин Луганскнинг «Заря» клубида тўп суришган.
Чоршанба кунидан бошлаб наманганликлар Тошкентда йиғилишди. Улар куни кеча Чиғатойдаги Терма жамоалар марказида тиббий кўрикдан ҳам ўтишди. Режага кўра «Навбаҳор» яна бир хориж йиғинини ўтказади. Бу сафар клуб Туркияга сафар уюштиради. Эслатиб ўтамиз, 15 февраль куни наманганликлар вицечемпион "Пахтакор" билан Қибрайда синов баҳсини ўтказишга келишиб олдилар.