Олдин хабар берганимиздек, мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан бири Виктор Жалилов душанба куни «Навбаҳор» бош мураббийи этиб тайинланди.
Жалилов дастлабки машғулотини 12 январь куни жамоани икки гуруҳга бўлган ҳолда ўртоқлик учрашуви ўтказишдан бошлади. Айни пайтда жамоа машғулотларида 30 нафарга яқин футболчилар иштирок этишмоқда. Жамоа кўригида бўлган Лочин Солиев «Навбаҳор»ни тарк этган. Ўтган ҳафтада наманганликлар сафига қўшилган нигериялик ярим ҳимоячи тўғрисида батафсил тўхталадиган бўлсак, унинг исми Жерми Эман Кулия бўлиб, олдинги мавсумларни биринчи лига клублари - «Олимжон Акбаров» ва «Сокол-Учқудуқ» жамоаларида ўтказган. Жалилов шогирдлари ўз қароргоҳларидаги машғулотларни 17 январда якунлашади. Кейин эса ўқув-машғулот йиғини Тошкентда давом эттирилади
Наманганликлар ўз қароргоҳларидаги машғулотларни 15 январь куни якунлашди. Жамоа аъзолари шу куни икки таркибга бўлиниб, ўйин ўтказишди. Виктор Жалилов бу билан янги футболчиларни яна бир марта синовдан ўтказиб олди.
Кечадан бошлаб эса «навбаҳорчилар» ўқув-машғулот йиғинини Тошкентда давом эттиришяпти. Пойтахтда наманганликлар 24 январгача бўлишади ва уч-тўртта ўртоқлик учрашув ўтказишади. Пойтахтдаги йиғинда бир қатор маҳаллий футболчиларнинг сафга қўшилишлари кутилмоқда.
25 январь куни эса жамоа аъзолари Украинанинг Алушта шаҳрига сафар қилишади. Жалилов шогирдлари у ерда салкам икки ҳафта шуғулланишади. Йиғин доирасида бир қатор ўртоқлик учрашувлари ташкил қилинади.
Таркибдаги ўзгаришларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, Отабек Пирматов, Ҳайдар Пирназаров, Шуҳрат Қозоқбоев, Шоҳруҳ Йўлдошев, шунингдек, клуб тарбияланувчилари - Ўткир Ибрагимов ҳамда Абдумалик Абдуллаевлар жамоани тарк этишди. Шунингдек, бир муддат кўрикда бўлган нигериялик ярим ҳимоячи Жерри Эманклайрега ҳам жавоб берилди. Жамоага эса «Олмалиқ» ҳимоячиси Улуғбек Қосимов, ўтган йили Қозоғистоннинг «Атирау» клубида ўйнаган Дилшод Назиров («Машъал» ва «Косонсой-Заковат»да тўп сурган), «Сўғдиёна» хавбеги Обид Жўрабоевлар қўшилишди. Шунингдек, маълум муддат «Локомотив» машғулотларида қатнашган Алишер Маҳмудов жамоа ихтиёрига қайтди.