Бугун мамлакатимизнинг 4 та ўйингоҳида Олий лига-2010 нинг 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Бекободда "Металлург” жамоаси мана етти турдирки ғалаба нималигини билмай келаётган "Хоразм” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва меҳмонларнинг "ғалаба” устунидаги "0”ни ўзгармай қолишини таъминлашди. Учрашувнинг дастлабки дақиқалари мухлисларга ажойиб онларни тақдим этди. 2-дақиқадаёқ Маркс Қуронбоев "Хоразм” ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрганлигини исботлаш мақсадида ҳисобни очади – 0:1. Бироқ гол ўтказиб юборган бекободликлар тушкунликка тушишмади. Орадан беш дақиқа ўтиб мезбонларнинг тажрибали аъзоси Ғулом Ҳалимтоев ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Шундан сўнг ўйин темпи кескин тушиб кетди. Ўйингоҳга тўпланган мухлислар бундай учрашувдан зерика бошладилар. 34-дақиқада мезбонлар аъзоси Шуҳрат Йўлдошев 11 метрлик жарима тўпидан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқади. Биринчи бўлимда жамоалар бошқа тўп киришмади. Иккинчи бўлимнинг олтинчи дақиқасида "Металлург” сардори Ҳикмат Ҳошимов таблодаги ҳисобни янада ошишига сабабчи бўлди....
Тошкентда эса сўнгги турларда кетма-кет мағлубиятга учраётган "Локомотив” Тошкент вилоятининг "Олмалиқ” клубини қабул қилди. Учрашувда ҳисоб очилмади. Шу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, жамоалар дурангга розидек тўп суришди.
Яна бир эътиборли учрашув, Зарафшонда бўлиб ўтди. Маҳаллий "Қизилқум” жамоаси жорий мавсумни кўтаринкиликда давом эттираётган "Навбаҳор” клубини қабул қилди ва кўпчилик учун кутилмаган ҳисобни қайд этди. Учрашувнинг тўққизинчи дақиқасида Владимир Постолаев киритган ягона гол мезбонларга муҳим ғалабани тақдим этди. Ушбу учрашувнинг нақадар аҳамиятли эканлигини, ўйин вақтида таҳририятимизга бир неча бор қўнғироқ қилиб, ўйин натижасини сўраб турган мухлислардан ҳам билиб олса бўлади.
Бу йилги биринчиликда бошқача руҳда қатнашаётган Ғузорнинг "Шўртан” жамоаси вилоятнинг бошқа бир клуби "Машъал”ни қабул қилди. Учрашув анча қизиқарли кечди. 21-дақиқада Игор Таран ҳисобни очди – 1:0. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас Зайниддин Тожиев қўпол ҳаракат қилганлиги учун Равшан Эрматов томонидан майдондан четлатилди. Шундан сўнг "Машъал” футболчилари ҳисобни тенглаштириш учун анча тер тўкишди, бироқ ғузорликлар ҳам ғалабага бўлган ташналикларини намойиш этиб, ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишди. Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда Эрматов мезбонлардан ҳам бир футболчини четлатди. Карим Исроилов иккинчи огоҳланитириш олиб майдонни жамоадошларидан бироз эртароқ тарк этди.
МЕТАЛЛУРГ – ХОРАЗМ 3:1 (2:1)
Голлар: Ғ.Ҳалимтоев (7), Ш.Йўлдошев (34-пен), Ҳ.Ҳошимов (51) – М.Қуронбоев (2)
ЛОКОМОТИВ – ОЛМАЛИҚ 0:0
ҚИЗИЛҚУМ – НАВБАҲОР 1:0 (1:0)
Гол: Владимир Постолаев (9)
ШЎРТАН – МАШЪАЛ 1:0 (1:0)
Гол: И.Таран (21)
Четлатиш: З.Тожиев (23)
8-турдан сўнг турнир жадвалида бир қанча ўзгаришлар кўзга ташланди. "Хоразм”ни мағлубиятга учратган "Металлург” кучли олтиликка кириб олди. Уларнинг тўплага очколари 11тага етди. "Хоразм” эса ўзининг мавсумдаги тўртинчи мағлубиятини "нишонлади”. "Локомотив” ва "Олмалиқ” жамоалари эса дурангдан сўнг ҳисобларини биттадан очко билан бойитиб олишди ва мос равишда 10, 13-ўринлардан жой олишган. "Қизилқум” эса ғалабадан сўнг хавфли зонани тарк этиб 8-ўринга кўтарилиб олди. "Навбаҳор” эса яна пешқадамлар сафида бўлиш имкониятидан фойдалана олмади. Энди кейинги турда улар мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Бунёдкор”ни қабул қилишади. "Шўртан”нинг ғалабаси жамоани бешинчи ўринга чиқариб қўйди. "Машъал” эса ҳозирча 11-ўриндан жой олиб турибди.