«Насаф» клубининг расмий сайтининг хабарига кўра, 20-турнинг якунловчи учрашувида Наманганнинг "Навбаҳор” жамоасига мезбонлик қилган "Насаф” футболчилари рақиб дарвозасини бир марта аниқ нишонга олишиб, ўз ҳисобларига муҳим уч очкони расмийлаштириб қўйишди.
Бир кун аввал жамоамизнинг асосий таъқибчиси "Шўртан” футболчилари ғалабага эришиб, очколари бўйича қаршиликлардан ўзиб кетишгач, Демяненко шогирдларининг "Навбаҳор”га қарши ўйинида фақат ва фақат ғалаба қаноатлантирарди.
Учрашувни ҳар иккала жамоа аъзолари тезкорлик билан бошлашди. 15-дақиқада Раҳматулла Бердимуродов томонидан амалга оширилган жарима тўпи хавфли кўриниш олган бўлса, 18-дақиқада майдон марказидан узатилган тўпдан кейин Камолиддин Мурзоев қулай вазиятга чиқиб борди ва тўпни ўзиданда яхшироқ вазиятда турган шериги Солиевга узатди. Аммо Анвар ўша вазиятда шеригини бу тахлит ҳаракат қилишини кутмаганди. Шу боис яхши вазият қўлда бой берилди. Умуман шу куни аввалги учрашувлардан фарқли равишда "Насаф” устози ҳужум чизиғида илк бор Мурзоев-Солиев тандемини туширди. Шу дақиқадаёқ ҳужумга ўтган наманганликлар ҳисобни очиш учун учрашувдаги энг қулай вазиятни яратишди. Шерикларидан тўпни қабул қилиб олган Алишер Маҳмудовнинг ўткир бурчак остидан чамаси 7-8 метрлардан йўллаган зарбасини Мурод Зуҳуров майдон ташқарисига чиқариб юборишнинг уддасидан чиқди.
22-дақиқада сербиялик ярим ҳимоячи Ивиле Дорде ташаббусни ўз қўлига олиб майдон марказидан рақиб дарвозаси томон ўзига хос рейд уюштирди. Йўл-йўлакай тўртта рақибни алдаб ўтган европалик футболчига сўнгги лаҳзаларда меҳмонлар ҳимоячиси ўйлаган режасини амалга ошириш имконини бермади. Орадан икки дақиқа ўтиб рақиб ҳужумини бартараф этиш чоғида "Навбаҳор” посбони Олег Горвиц жарима майдони ташқарисида тўпни қўли билан ўйнади. Буни ўз вақтида илғаган, олий лигада бош ҳакам сифатида илк учрашувини ўтказаётган Илгиз Танташев Горвицни огоҳлантириб, жарима тўпи белгилади. Солиевнинг кучли зарбасига эса бироз аниқлик етишмади.
Бўлим охирларида ўйиндаги устунлик ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Мақсуд Каримовнинг чап қанотдан жарима майдончасига узатиб берган тўпини Анвар Солиев боши билан Саломовга "юмшоқ” тарзда етказиб берди. Шавкат эса бир уринишдаёқ кучли зарба билан дарвозани ишғол этиб, "Насаф” сафида ўзининг дастлабки голини нишонлади-1:0.
Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб томонлар очиқ футбол намойиш эти, кўп ҳолларда бир бирларига нисбатан қўпол муносабатда бўлишди. Натижада учрашувнинг иккинчи ярми аввалида гол эмас, сариқ карточклар билан эсада қолди. Ўз навбатида учрашувни бошқараётган дебютанта ҳакамнинг нозик вазиятларда ҳам совуққонлик билан ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган наманганликлар иккинчи бўлимда анча ёрқинроқ ўйин намойиш этишди. Айниқса, олдинги чизиқда ҳаракат қилган собиқ "насаф”чи Абдулазиз Султоновнинг тезкор ҳаракатлари кўпинча ноаниқ зарбалар билан якунланаверди. Бир вазиятда эса Зуҳуров тўп йўлига ғов бўлди. Аммо томонлар ҳар қанча уринишмасин иккинчи бўлимда дарвозаларга гол киритиш ҳеч кимга насиб этмади.
Натижада ушбу учрашувдан кейин "Насаф” ўзининг мавсумдаги ўниничи ғалабасини танатана қилган бўлса, "Навбаҳор” ўнинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Шавкат Саломовнинг голи "Насаф”чиларнинг мавсумдаги 24 голи сифатида қайд этилган бўлса, наманганликлар ушбу ўйинда мавсумдаги 24- голни ўз дарвозаларидан олиб чиқишга мажбур бўлишди.
Ўзбекистон чемпионати. 20-тур. 19.09.2010.
"Насаф” – "Навбаҳор” 1:0 (1:0)
Қарши шаҳри. "Насаф” стадиони.
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Андрей Букатин, Жаҳонгир Саидов, Зокир Қодиров.
Назоратчи: Раҳим Мўминов.
"НАСАФ”: Мурод Зуҳуров, Мақсуд Каримов, Дорде Ивеля, Жаҳонгир Жиямуродов, Лутфулла Тўраев, Артём Филипосян, Камолиддин Мурзоев (Кенжа Тўраев, 79), Самандар Шодмонов (Андрей Яковлев, 65), Шавкат Саломов, Анвар Солиев (Зафар Холмуродов, 63), Ҳайрулла Каримов.
"НАВБАҲОР”: Олег Горвиц, Михайло Денисов, Тимур Айзатулов, Раҳматулла Бердимуродов, Евгений Сайко (Дурбек Умаралиев, 41), Алишер Маҳмудов (Абдулазиз Султонов, 38), Отабек Валижонов, Тимур Султонов, Илҳом Бойдедаев, Дониёр Усмонов, Ғайрат Жўраев (Абдумалик Абдуллаев, 81).
Гол: Шавкат Саломов, 36.