Ниҳоят «Навбаҳор» янги бош мураббий масаласини ҳал қилди. Наманган жамоаси раҳбарлари бир қатор мураббийлар номзодларини ўрганиб чиқаётгандилар. Улар орасида Рустам Забиров, Ислом Аҳмедов ва Тачмурот Агамуродовларнинг номларига кўзимиз тушиши мумкин. Лекин «Навбаҳор» бу вазифага Элдор Сакаевни тайинлади. Сўнгги йилда «Машъал» академиясида иш олиб борган мазкур мутахассис олдин ҳам «Навбаҳор»да ишлаган. Яъни бу жамоа унинг учун янги эмас. Шунингдек, Наманганда йиғин олиб бораётган жамоа қатор футболчиларни кўрикдан ўтказмоқда. «Машъал» вакили Александр Шадрин ва «Қизилқум» дарвозабони Ботир Носировлар шулар жумласидандир. Эслатиб ўтамиз, Носиров Зарафшонга айнан «Навбаҳор»дан кетганди. Кетганлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Алишер Маҳмудов «Олмалиқ» машғулотларида иштирок этмоқда. Шунингдек, кўрикдан ўтаётган Дилшод Жабборов ва Баҳром Йўлдошевлар ҳам олмалиқликлар сафига қўшилишлари мумкин экан. Отабек Валижоновнинг «Динамо»га ўтиши тахмин қилинмоқда. Шу кунларда жамоада яна ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси. «Навбаҳор» ҳозирги кунларда Наманганда шуғулланмоқда. Йиғин 18 январга қадар давом этади. Кейингиси Тошкентда ўтказилади. Бу ерда жамоа 20 январдан 4 февралга қадар бўлади.
Элдор Сакаев бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг мураббийлар штабида ўзгариш юз берган. Эндиликда Сакаевга Мустафо Байрамовдан ташқари, жамоанинг собиқ ўйинчиси Тоҳир Мадраҳимов ҳам ёрдам беради. Усмон Асқаралиев эса ёшлар жамоаси билан шуғулланади. Ҳозирда жамоа бир қатор футболчиларни синовдан ўтказмоқда. Азамат Бобожонов («Хоразм»), Баҳриддин Ваҳобов («Қизилқум»), Элмурод Низомбоев («Металлург»), Денис Тойменцов, Хайрулла Маҳмудов (иккаласи «Чуст-Пахтакор») ва дарвозабон Акмал Ортиқовлар «Навбаҳор» машғулотларида қатнашишяпти. Шунингдек, дарвозабонлар Санжар Қувватов ва Жасур Нарзиқуловларнинг бири ҳам «Навбаҳор» аъзосига айланиши кутилмоқда. Иван Нагаев «Навбаҳор» учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Ҳозирда бу футболчи «Бунёдкор» кўригидан ўтмоқда. Алишер Маҳмудов эса «Олмалиқ»қа йўл олган. Шунингдек, Обид Жўрабоев, Баҳром Йўлдошев ва Дилшод Жабборовлар Наманганда қисқа вақт бўлиб қайтишди. Бундан ташқари, Отабек Валижоновнинг кетиши ҳақидаги миш-мишлар ҳам ўз тасдиғини топмади. Тўғри, у ўтган ҳафтада ўтказилган ўзаро учрашувда иштирок этмади. Маълум бўлишича, Валижонов бетоблиги туфайли майдонга тушолмаган. Намангандаги «Динамо» спорт мажмуасида икки таркибга бўлинган ҳолда ўтказилган баҳсда «сариқлар» «кўклар» устидан 5:0 ҳисобида зафар қучишди. Шу куни мағлуб жамоа дарвозасини Ботир Носиров қўриқлади. Ўйинда Даврон Исоқов (2 та), Александр Шадрин, Абдумалик Абдуллаев ва Ғайрат Жўраевлар тўп киритишди.
|