Миллий чемпионатимиз старт олишидан бир кун аввал, яъни 4 март санасида Наманган вилояти ҳокими раҳбарликлигида «Навбаҳор» клубининг мавсумолди тадбири бўлиб ўтди.
Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад таркибга қўшилган янги футболчиларни жамоатчиликка расман таништириш ва келгуси режаларни аниқлаб олиш эди.
Тадбир аввалида маъруза қилган вилоят ҳокими Б.Юсупов юртимизда нафақат футбол, балки спортнинг барча соҳаларида янгиланиш, ривожланиш кузатилаётганини эътироф этди: «Жонажон Ўзбекистонимизнинг бугунги ҳаётини спортсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳукуматимиз томонидан болалар спортига эътиборнинг оширилиши ёшларимизнинг соғлом, баркамол бўлиб вояга етишишларида муҳим ўрин тутади. Юксак эътибор самараси ўлароқ, ёшларимизда касалликка чалиниш ҳолатлари кескин камайди. Ватанимиз байроғи кўплаб халқаро мусобақаларда ҳилпираб, дилларимизни фахр туйғусига тўлдирмоқда. Қувонарлиси, вилоятимиз спорти ҳам ривожланишдан четда эмас. Ўтган йилги натижаларни сарҳисоб қилганимизда шу маълум бўлдики, республика миқъёсида ўтказилган турли спорт мусобақаларида вилоятимиз вакиллари умумий кўрсаткичлар бўйича биргина пойтахт спортчиларидан ортда қолишган, холос. Спортнинг энг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастика ривожига қаратилган ишлар эса, мақтовга лойиқ. Бир неча йил илгари вилоятимизда бу йўналиш бўйича беш ёки олти нафар қизимиз жиддий шуғулланарди. Бугун эса уларнинг сони 2800 нафардан ошиб кетди. Мен буларни бежиз тилга олмаяпман. Йиғилишимизнинг асосий мавзуси футбол бўлсада, ўйлашимча, спортнинг барча соҳалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Тасаввур қилинг, гимнастикачиларимиз футбол учрашувлари олдидан стадионга бориб, чиройли чиқишлар қилишса, нафақат футболчилар, балки томошага йиғилган мухлисларнинг ҳам кайфиятлари кўтарилиб, ғалабага ишончлари ортади. Ўз навбатида, футболчиларимиз ҳам бошқа йўналишдаги спортчилар, тадбиркорлар ёки фермерлар билан тез-тез учрашувлар ташкил қилиб туришса, вилоятимизда спорт яна-да оммалашади. Бу борада махсус режаларимиз бор ва умид қиламанки, улар вилоятимиз спортининг эртаси ёрқин тус олишида катта самара беради».
Шундан кейин эътибор «Навбаҳор» жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган «Марказий» стадион таъмирига қаратилди: «Шаҳримизда катта кўламда қурилиш ишлари кетаётганидан барчангиз яхши хабардорсиз, албатта. Кенг кўчалар, янги қиёфадаги коттежлар, савдо марказлари шаҳримиз чиройига чирой қўшмоқда. Шу маънода айтсак, «Марказий» стадион таъмирдан сўнг шаҳарнинг умумий кўринишига узукка кўз қўйгандай мос тушиши лозим. Мана, куни кеча аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлик ҳуқуқи мамлакатимизга берилди. Кейинроқ юртимизда турли ёш тоифасидаги мундиаллар ҳам ўтказилиши мумкин. Футболга қизиқиш энг намунали даражада бўлган Наманган вилояти ишқибозлари эса мазкур мусобақаларга кўрк беришлари аниқ, табиийки, чиройли стадионда. Айни кунда таъмирлаш лойиҳаси устида машҳур архитекторлар иш олиб боришяпти ва уларнинг изланишлари ниҳояланиш арафасида. Якуний лойиҳа тасдиқлангач, қурилиш-монтаж ишлари дарҳол бошлаб юборилади. Хомчўтларга қараганда, стадион бекаму-кўст таъмирланиши учун 13 миллиард сўмга яқин маблағ талаб этилади. Эътиборлиси, молиялаштиришда ёрдам берадиган ташкилотлар, ҳомийлар номи ҳозирданоқ аниқ бўлиб улгурган. «Навбаҳор» клуби мутасаддилари, футболчилар ва ишқибозларнинг кўнгиллари тўқ бўлсин. Насиб қилса, келгуси футбол мавсумини жаҳон андозаларига мос келадиган стадионда бошлаймиз. Бу йилги учрашувларга эса Косонсойдаги стадион мезбонлик қилади».
Маълумки, ўтган йили молиявий муаммолар сабаб, жамоа иккинчи давра ўйинларини кўнгилдагидек ўтказолмаганди. Вилоят ҳокими маърузаси давомида бу йил жамоага ҳеч қандай етишмовчиликлар халал бермаслигини таъкидлаб ўтди: «Футбол клублари ва мактабларининг инфратузилмасини такомиллаштириш, моддий-техник базани яна-да яхшилашга қаратилган ҳукуматимиз қарорининг ижроси бир қатор масъул шахсларга юклатилди. Энди футболчиларнинг яшаш ва машғулот ўтказиш шароитлари яхшиланиб бораверади. Ўтган йилнинг иккинчи даврасида жамоани кўплаб етакчи футболчилар тарк этган бўлсаларда, натижамиз чакки бўлмади.
14-поғонадан 9-ўринга кўтарилдик. Футболчилар, ишонинглар, бу мавсумда сизларни ҳеч қандай молиявий ташвишлар безовта қилмайди. Сизлар ўз навбатида учрашувларда бор кучларинг билан ҳаракат қилиб, якуний натижани яхшилашингиз лозим. Муаммолари бўлмаган ва оилавий шароитларидан хотиржам футболчилар майдонда ўзларини кўрсатишлари шарт ва биз улардан натижа талаб қилишга ҳақлимиз. Шу маънода айтадиган бўлсам, жамоа олдига қўйиладиган вазифа - бу 20-миллий чемпионатни кучли бешликда якунлаш».
Қўшимча тарзда айтиш жоизки, футболчиларга яратиладиган шароитлар юксак даражада бўлиши ҳомий ташкилотларнинг совғалари - 10та «Нексия» автомобили билан ўз тасдиғини топди, гўё.
Кейин клуб вице-президенти Баҳром Холмирзаев жамоа ишончга яраша тўп суришини, муносиб натижа кўрсатишини айтиш баробарида янги футболчиларни таништирди. Якунда дарвозабонлар - Денис Романенко, Ботир Носиров, Эркин Жабборов, ҳимоячилар - Абдумажид Тоиров, Виталий Почуев, Шавкат Насибуллаев, Максим Усмонов, Патрик Агбо, Жамол Отақулов, ярим ҳимоячилар - Жасур Бобоев, Рустам Қурбонбоев, Баҳриддин Омонов, ҳужумчилар - Александр Шадрин ва Рўзим Аҳмедовларга «Навбаҳор» либоси тантанали тарзда топширилди.
Тадбир охирида минбарга чиққан жамоа бош мураббийи Элдор Сакаев таркиб имкони борича маҳоратли ва муҳими, тажрибали, фидойи ўйинчилар билан тўлдирилганини таъкидлади. Мураббий футболчиларга ишониши, йигитлар албатта, ҳар ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишлари ва томошабоп футбол кўрсатиш ниятида эканликларини алоҳида урғулади. Янги ўйинчилар номидан гапирган тажрибали футболчи Рустам Қурбонбоев эса, «Навбаҳор» ўзбек футболи тарихида муносиб ўрин эгаллаши, бу жамоа шарафини ҳимоя қилишни катта шараф, деб билишини айтди.
Хайрлашиш чоғида жамоа аъзолари вилоят раҳбарлари ва ҳомийлар билан эсдалик учун суратга тушишди ва машғулотлар сари кўтаринки кайфиятда йўл олишди.
Исроил РАҲИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.