Бугун Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда Олий, биринчи лига ва Ўзбекистон Кубогининг жорий мавсум учун форматлари бўйича якуний қарор қабул қилинди.
2010 йилги мавсумда Олий Лигада 14 жамоа иштирок этади. Демак, "Сўғдиёна” ва "Бухоро” жамоалари ўтган мавсум якунига кўра биринчи лигага йўл олишди.
Шундай қилиб, узоқ давом этган баҳслардан сўнг, навбатдаги мавсум 2 даврадан иборат бўлиб, унда 14 жамоа иштирок этиши тасдиқланди. Олий лига форматида жиддий ўзгаришларнинг шошқалоқликда амалга оширилиши кутилмаган натижаларга келтирилиши инобатга олиниб, шу йилнинг сентябр ойигача мутахассисларга ушбу масалани обдон ўрганиб тегишли таклифлар тақдим қилиниши учун вақт берилди.
Биринчи Лига мусобақалари бу йилдан бошлаб 2 минтақага бўлинади. Бунинг асосий сабабларидан бири, биринчи лига жамоаларининг иқтисодий танг ахволи бўлгани сир эмас. Аммо янги мавсумда биринчи лига мусобақаларида нечта жамоа иштирок этиши халигача номаълум, шу боис минтақалардаги жамоалар сони кейинроқ маълум қилинади. Хар бир минтақанинг 2 давра якунига кўра биринчи бешта ёки тўртта (минтақадаги жамоаларнинг умумий сонига қараб) жамоаси Олий лигани иккита йўлланмаси учун ўзаро куч синашишади. Минтақаларда сўнгги бешта ёки тўртта (минтақадаги жамоаларнинг умумий сонига қараб) ўринни эгаллаган жамоалар эса биринчи лигани тарк этадиган жамоаларни аниқлаб беришади.
Ўзбекистон Кубоги баҳслари кейинги мавсумда 1/16 финалдан бошлаб, икки ўйиндан иборат (уй-меҳмон тизими) бўлиши барча мураббий ва мутахассислар томонидан таклиф қилинди ва мақулланди. Ундан ташқари, қуръа ташланаётганда барча жамоалар бир саватчадан жой олишади ва хеч бир жамоага имтиёз берилмайди. Бошқача қилиб айтганда чемпионатимизнинг етакчи жамоалари Ўзбекистон Кубогининг илк босқичларидаёқ бир-бирларига рўбарў келишлари мумкин.