Бугун кун мавзуси бошқачароқ бўлади. Катта футболдан бироз тин оламиз. Европа Чемпионлар лигасининг финалчилари ҳам Осиё миқёсидаги плей-офф иштирокчиларининг номи ҳам маълум бўлди. Эртадан бошлаб, миллий чемпионатимизнинг 7-тури старт олади. Бир-биридан қизиқарли ўйинлар бўлади ушбу турда. Бугун у ҳақида эмас. Бугун фақат мухлислар ҳақида гаплашамиз. Аниқроғи улар учун тайёрланган ўзига хос совғалар ҳақида сўз боради.
Биз XXI асрда яшаяпмиз. Ахборот технологиялари шиддат билан кун сайин ўзгариб бораётган юз йилликда фаолият олиб бормоқдамиз. Бозор иқтисодиётининг афзаллик тарафларини кундалик турмушимизда ҳис этиб, сизу-биз илдамлаб кетаётган замондан ортда қолмаслик учун нималарнидир ўйлаб топаяпмиз, ҳаётга тадбиқ этаяпмиз. Қайсиларидир муваффаққиятли амалга ошмоқда, қайсиларидир бошқача эътиборни талаб қилмоқда. Хатоларни таҳлил қилиб, керакли хулосалар чиқарганча йўлимизда давом этмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик йўлида тинмай изланишлар олиб бораяпмиз. Бу замон талаби, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳозирги кунда Интернет, мобил телефон ёки компьютерлар иш қуролига айланиб улгурган. Улар илгаргидек обрў-эътиборли ёки кўз-кўз қиладиган нарса бўлмай қолди. Айни пайтда бундай имконият деярли ҳаммада бор. Шундай экан, ўша иш қуролларига аталган, уларга сайқал берадиган янги лойиҳалар кундан-кунга пайдо бўлиши табиийдир.