Бир неча йилдан буён “Пахтакор”нинг асосий дарвозабони бўлиб келган Игнатий Нестеровнинг жамоани тарк этиши борасидаги хабарлар аллақачон тарқалиб улгурган бўлса-да, унинг айнан қайси жамоадан қўним топиши борасида бир нечта фаразлар бор эди. Ушбу тахминлар ичида энг кўп муҳокама қилингани "Бунёдкор эди" ва бу "Пахтакор" ФК вице-президенти Самвел Бабаян томонидан ниҳоят тасдиқланди:
- Нестеровнинг кетиш ҳақидаги қарорини биз қайғу билан кутиб олдик, шундай бўлса-да, унга келажакда улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз, - дейди Самвел Бабаян, - унинг трансфери тўлиқ ҳал қилинди, дея олмайман, аммо Игнатий ўзининг янги клуби "Бунёдкор" таркибида машғулотларни бошлаб юборди.
"Пахтакор" таркибида ўзининг энг яхши саккиз йилини ўтказган Нестеров эса ушбу трансфер клубга фақат ва фақат фойда бўлишини айтиб ўтди.
- Фурсатдан фойдаланиб клубга ва айниқса мухлисларга мени доимо қўвватлаб келганликлари учун чексиз миннатдорчилигимни изҳор қиламан, - деди дарвозабон.
Бироз аввалроқ Самвел Бабаян "Пахтакор" фақат таъсисчиларнинг ва ҳомийларнинг ёрдамига қараб қолмаслигини ва трансфер сиёсати ҳам клуб учун яхшигина даромад манбаи эканлигини таъкидлаганди.
- Агар бирор футболчимизга қизиқарли таклиф тушса, биз ўша футболчи билан келишилган ҳолда иш кўрамиз. Игнатийга яхшигина таклиф билан чиқишди ва у клубни тарк этиш эҳтимоли юқори. Биз у билан шартномага эгамиз, аммо танганинг бошқа тарафи ҳам бор. Биз Нестеровга ўринбосар топа оламизми? Клубда Темур Жўраев бор, у МДҲ чемпионлар кубогида ўзини яхши тарафдан кўрсата олганди, бундан ташқари 17 ёшли истеъдодли дарвозабон Никита Рибкин билан шартнома имзоладик. Ўйлайманки, Никита ажойиб дарвозабон бўлиб етишади. Трансферлар борасида яна икки оғиз, асосий футболчиси Криштиану Роналдуни "Реал"га қўйиб юборган Алекс Фергюсон ҳам футболчи учун муносиб ўринбосар топишни ўйлаб қўйганлигига шубҳа йўқ. Ёки ЦСКА дарвозабони Мандрикиннинг жароҳатини эслайлик. Айнан шу воқеа яна бир ажойиб дарвозабон Игор Акинфеевни тақдим этди-ку оммага! - таъкидлади Самвел Бабаян
Шундай қилиб, "Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасининг муҳим учрашувлари олдидан ўз таркибини Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги №1 дарвозабони билан кучайтириб олди. Эслатиб ўтамиз, Нестеровга "Бунёдкор"дан ташқари ўтган йилги ОЧЛ ғолиби, Япониянинг "Гамба Осака" клуби ҳам қизиқиш билдирганди.