Ўзбекистоннинг барча футбол оммаси “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ўртасида 12 июл куни бўлиб ўтган Тошкент дербисини катта сабрсизлик билан кутаётганди. Айтиш мумкинки, ўйин ишончларни оқлади. Якунда, “Бунёдкор” “Пахтакор” устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувда биринчи навбатда мухлислар ҳам ғалаба қозонишди. Чунки сир эмас, ишқибозлар бу каби қизиқарли ва кескин ўйинни ҳар куни ҳам гувоҳига айланаверишмайди. Ўзбекистонда ҳар бир футбол фанати чемпионат савияси ошишини ва ўйинлар “Бунёдкор” – “Пахтакор” қарама-қаршилиги сингари томошабоп руҳда ўтишини орзу қилади.
Сўнгги пайтларда ўзбекистон футбол федерацияси айнан чемпионат ўйинларига катта эътибор қаратмоқда. Чунки унинг савияси ўсиши билан, футбол ичида ва унинг атрофидаги ишлар ҳам олға силжий бошлайди. Ўтган йили ташкил этилган Ўзбекистон профессионал футбол лигаси клублар мустаҳкам инфратузилма ва тараққиёт режасига эга бўлиб, тезроқ профессионал даражага ўтишлари учун тинмай ҳаракат қиляпти.
Пойтахт дербисининг эртаси куни ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳузурига икки ашаддий футбол ишқибози ташриф буюрди. Улар катта ёшда бўлишларига қарамай, Намангандан Тошкентга келиб, мамлакат футболининг бош ташкилоти раҳбари билан футбол ҳақида суҳбат қуришга эринишмади.
Табиийки, Садриддин хожи Нуралиев ва Абдусалом Ғофуров Мираброр Усмонов билан асосан Наманганнинг “Навбаҳор” клубидаги ишлар хусусида фикр алмашишди. Чунки уларнинг иккаласи ҳам ёшликдан севимли жамоаларига мухлислик қилиб келишади.
Яқин ўтмишда “Навбаҳор” республиканинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланарди. Лекин сўнгги йилларда Ўзбекистон чемпиони ва Кубоги соҳибининг ишлари кўнгилдагидек кечмаяпти. Жамоа турнир жадвалининг ўрталаридан жой олиб, етакчи клубларга қарши ўйинларда ҳар томонлама имкониятни бой бермоқда. Бу ҳолат маҳаллий ишқибозларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Ўз навбатида улар севимли жамоалари билан нималар бўлаётганини тушуна олишмаяпти. Шу боис, Садриддин хожи Нуралиев ва Абдусалом Ғофуровлар Мираброр Усмоновдан Наманганга ташриф буюриб, “Навбаҳор”даги вазият билан яқиндан танишишни, шунингдек, жамоа ўз обрўсини тиклаб олишида кўмак беришини сўрадилар.
Ўз навбатида ўзбекистон футбол федерацияси президенти меҳмонларнинг таклифини қабул қилди ва июл охири ёки август ойи бошларида Наманганга ташриф буюришга ваъда берди.
“Мен сизларни бу ерда кўриб турганимдан бағоятда мамнунман. Сизлар менга мурожаат қилган масала, жуда ҳам жиддий. Дарҳақиқат, бир неча йил олдин “Навбаҳор” мамлакатнинг кучли клубларидан бири саналарди. Клубнинг бугунги аҳволи менга аён ва тан олиш керак, бу борада бош қотирадиган масалалар етарли. Агар очиғини айтсам, мен Наманган ва Фарғонага ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магометов ва яна бир қанча инсонлар билан боришни режалаштиргандим. Аммо сизларнинг ташрифингиз, менинг режаларимни тезлаштириб юборди ва шу ойнинг охирларида ёки августнинг бошларида албатта, Наманганга йўл оламан ҳамда у ердан Фарғонага ўтамиз”, деди Усмонов.
Олий мажлис сенатори шунингдек, Ўзбекистон футбол федерацияси ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси клубларнинг “профессионал” мақомига эга бўлишлари учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.
“Ўзбекистон футбол федерацияси Профессионал футбол лигаси билан биргаликда чемпионат савияси ҳар йили ошиб бориши ҳамда клублар профессионал мақомига эга бўлишлари учун барча чора-тадбирларни қўллаяпти. Ички чемпионатнинг ривожланишисиз, мамлакат футболининг ривожланиши ҳақида гапириб бўлмайди. Биз буни жуда яхши тушунамиз. Республиканинг ҳар бир клуби мустаҳкам оёққа туриб, ишонч билан олға боришини хоҳлардим”.
Таъкидлаш лозимки, Мираброр Усмоновнинг наманганлик меҳмонлар билан бўлган суҳбатида ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов ҳам иштирок этди.
ЎФФ матбуот хизмати
Манба: www.the-uff.com
|