«Навбаҳор» - «Машъал» учрашуви ниҳоясига етгач, Машъал бош мураббийи Баҳодир Давлатов ўйин борасидаги фикрларини айтиб ўтди.
- «Навбаҳор» ўтган турда «Бунёдкор»дан 0:6 ҳисобида енгилгани учун биз билан ўйинга бор кучини ташлашини билардик, - дея сўз бошлади Баҳодир Бойжонович. – Биз шуни билган ҳолда ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Бугун наманганлик мухлислар ўз жамоаларини яхши қўллаб туришди, бу эса бизнинг ёш футболчиларга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Агар биринчи бўлиб биз гол урганимизда маҳаллий мухлислар бизни олқишлаган бўлишарди. Тан олишг керак, баъзи ҳолларда тажриба етишмади. Майдон эгалари хавфли вазиятларни кам юзага келтиришди, шунга қарамай иккита гол уришнинг уддасидан чиқишди. Ўтказиб юборилган голларда дарвозабонимиз қўпол хатоларга йўл қўйди.
- Иккинчи марта ҳисобни тенглаштириш учун нима етишмади? - Менимча, футболчиларда фаоллик етишмади. Улар руҳан толиқиб қолгандек кўринишди, чунки иккинчи гол ўйинчиларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказди.
- Заҳирадан майдонга тушганлар ўйинни кучайтира олишдими? - Шуҳрат Муҳаммадиевда иштиёқ етарли эди, аммо тажрибаси кам. Хуршид Узоқбоев асосан ҳимоявий ўйин кўрсатди. Зафар Холмуродов эса бироз жароҳати билан майдонга тушгани боис ўйини унчалик қовушмади.