«Машъал» 14-тур учрашувини сафарда «Навбаҳор»га қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, «Машъал» шу куни мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмади. Жамоамизда уч-тўрт марта гол уриш учун қулай вазиятлар бўлди, аммо футболчилар вазиятлардан устамонлик билан фойдалана олишмади. «Навбаҳор» ҳам ушбу учрашувда ўзининг бор кучини кўрсата олмади. Майдон эгалари асосан натижа учун ҳаракат қилишди ва охир-оқибат ўз мақсадларига эришишди.
Баҳснинг биринчи бўлими унчалик шиддатли кечмади. Ҳаво иссиқ бўлгани туфайлими ёки рақиблар эҳтиёткорлик билан тўп суришгани учунми дастлабки 45 дақиқа ичида дарвозаларга тўп киритилмади. Танаффусдан кейин эса «Навбаҳор» бирданига гол уришга муваффақ бўлди. Шу куни ўйини унчалик қовушмаган Мухтор Фозилов таваккал зарба берганди, голга айланиб қолди. Очиғини айтиш керак, ўтказиб юборилган биринчи голда дарвозабонимиз Санжар Қувватовнинг айби кўпроқ бўлди. Гарчи футболчиларимиз иккинчи тайм бошларида гол ўтказиб юборган бўлишса-да, бундан унчалик ташвишга тушишмади. Аксинча 56-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Бу вазиятда қанотдан ошириб берилган тўпни грузиялик ҳужумчимиз Мамука Гонгадзе бош билан дарвозага тўғирлаб қўйди. Дарвоқе, бу гол Мамуканинг олий лигадаги биринчи голи бўлди. Орадан тўрт дақида ўтиб «Навбаҳор» футболчилари яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу сафар Раҳматилло Бердимуродовнинг жаримадан берган зарбаси бехато чиқди. Эътиборлиси, ўтказиб юборилган иккинчи голда Санжар Қувватов қўпол хатога йўл қўйди. Биринчидан, у «жонли девор»ни яхши ўрната олмади, иккинчидан позиция танлашда адашди. Шу тариқа «Навбаҳор» ўз ҳисобига навбатдаги уч очкони ёзиб қўйган бўлса, «Машъал» эса майдонни мағлубиятга учраган ҳолда тарк этди.
«НАВБАҲОР» - «МАШЪАЛ» - 2:1 Голлар: М.Фозилов (47), Р.Бердимуродов (61) – М.Гонгадзе (56). «Навбаҳор»: Байрамниёз Бердиев, Юрий Шеленков, Раҳматилло Бердимуродов, Владислав Кирьян, Дидар Ҳожиев, Дилшод Жабборов, Мухтор Фозилов (Илҳом Бойдедаев, 58), Темур Султонов, Носир Отақўзиев (Жаҳонгир Меҳмонов, 90), Мемедали Караданов, Алишер Маҳмудов (Абдуазиз Султонов, 46). «Машъал»: Санжар Қувватов, Андрей Панчук, Сирож Ҳамроев, Алексей Дмитриев, Габит Сапаргалиев, Абдували Мўминов, Аббос Шодмонов (Хуршид Узоқбоев, 82), Фозил Мусаев, Ботир Қодирқулов, Мамука Гонгадзе (Зафар Холмуродов, 68) Нодир Давлатов (Шуҳрат Муҳаммадиев, 84). Огоҳлантиришлар: Н.Отақўзиев (53), Д.Ҳожиев (57), Д.Жабборов (71) – С.Ҳамроев (85), Ш.Муҳаммадиев (87), А.Дмитриев (88). Ҳакамлар: О.Рубаков – 7,8, Р.Серазитдинов – 8,8; А.Снетков – 8,4; Р.Толибжонов – 9,0
Назоратчи: Г.Имомов 25 июнь. Наманган. 6672 томошабин
Машъал сайтидан олинган
|