Ўз майдонида ижобий натижаларни қайд этаётган Наманган жамоасининг сафар ўйинларида унчалик омади юришмаяпти. Зарафшондаги ўйинда ҳам шундай бўлди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ майдон эгалари ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Сарвар Отабоев чап қанотдан жарима зарбасини амалга оширди. Аниқроғи, тўпни рақиб дарвозаси атрофига етказиб берди. Тўп учун курашда эпчиллик қилган украиналик ҳужумчи Владимир Постолтаев Байрамниёз Бердиев қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олди - 1:0.
Танаффус олдидан Постолтаевда ҳисобни ошириш учун яна бир имконият юзага келди. Аммо бу сафар «лочинлар» посбони хавфни бартараф этиш уддасидан чиқди.
Иккинчи бўлимда Мустафо Байрамов шогирдлари ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилишсада, уларнинг ҳужумлари жарима майдончасига етиб бормай, ўз ниҳоясига етаверди. Мезбонлар эса устунликни ўз қўлларига олиш илинжида бўлишди. Зарафшонликларнинг ҳужумларидан бирида майдон марказидан ўн метрча нарида Носир Отақўзиев Азиз Абдуллаев йўлига тақиқланган усулда «пешвоз» чиқди. Учрашув бош ҳаками Бахтиёр Тоғаев ҳеч иккиланмай ҳужумчини майдондан четлатди. Бир киши кам бўлиб қолганликларига қарамай, наманганликлар ҳужумни сусайтирмадилар. Аммо уни якунига етказадиган футболчи топилмади. Рустам Забиров шогирдларида эса ҳисобдаги фарқни ошириш учун иккита имконият бўлди. Дастлаб Жўраевнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига теккан бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Байрамниёз Бердиев тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтарди.
23 май
«ҚИЗИЛҚУМ»-«НАВБАҲОР»-1:0 (1:0)
Навоий. 4111 томошабин.
Ҳакамлар: Б.Тоғаев-9,4; В.Шашков-9,2; Б.Норсафаров-9,0; М.Бегдуллаев-9,0.
Гол: В.Постолтаев (3).
«Қизилқум»: А.Сиротюк, З.Раупов, А.Ерохин, Ш.Насибуллаев, С.Отабоев, А.Абдуллаев, И.Хазигалиев (Ф.Ҳайдаров, 75), Ш.Жўраев, А.Рустамов, В.Шодиев (Ў.Садинов, 84), В.Постолтаев (Я.Крушельницкий, 70).
«Навбаҳор»: Б.Бердиев, Ю.Шеленков, О.Пирматов (Д.Жабборов, 68), Д.Ҳожиев, М.Караданов, Т.Султонов, Б.Йўлдошев (А.Рисқуллаев, 70), Н.Отақўзиев, Ж.Меҳмонов, Г.Овеков, Ғ.Жўраев (М.Ғофуров, 77).
Огоҳлантиришлар: В.Постолтаев (39), В.Шодиев (46), А.Абдуллаев (67), А.Рустамов (75), А.Сиротюк
(82) - Ғ.Жўраев (2).
Четлатиш: Н.Отақўзиев (65, Н.).
Назоратчи: А.Абдуллаев.
Ўйиндан кейинги фикрлар
Рустам Забиров («Қизилқум» бош мураббийи):- Учрашув қизиқарли ва тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоада гол уриш учун кўплаб вазиятлар юзага келди. Уларнинг биттасидан унумли фойдаланганимиз бизга ғалаба келтирди. Умуман, «Навбаҳор»нинг ўйини менга ёқди. Меҳмонлар таркибида техник салоҳиятлари юқори бўлган кўплаб футболчилар тўп суришади. Аммо водийликлар ҳимоявий усулни қўллашди. Бизнинг таркибимиздаги бир қатор етакчи футболчилар жароҳат олишган. Уларнинг ўрнига ўринбосарлар таркибидаги ёшларни майдонга туширишга мажбур бўляпмиз. Бугунги ғалабани иштиёқ самараси, деб биламан.
Темур Султонов («Навбаҳор» ҳимоячиси):- Учрашув мобайнида бир нечта гол уришимиз мумкин эди. Бироқ... Майдонда бир киши кам бўлиб қолганимизда ҳам ҳужумни сусайтирмадик. Бироқ бунинг фойдаси бўлмади. Биринчи бўлимда Караданов ва Ҳожиевлар вазиятлардан унумли фойдаланишганида эди...
|