Жорий йилги мавсум бошларида Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасида яна катта ўзгаришлар юз берди. Жамоа мураббийлар штабига туркманистонлик мутахассис жалб қилинди. Шунинг баробарида таркибга бир қатор истеъдодли футболчилар қўшилишди.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ўйнаган иқтидор соҳибларидан бири Раҳматулло Бердимуродов ҳам «Навбаҳор» таркибидан жой олди. Айтиш жоизки, жамоага «Пахтакор»дан ижара асосида ўтган воҳалик ҳимоячи тез орада наманганликларнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Қисқаси, у ўзининг ажойиб ҳаракатлари, голлари билан «Навбаҳор»нинг чиройли ўйинларига ҳисса қўшмоқда.
Футболдаги илк қадамлар
- Умуман олганда, болалигимда футболчи бўламан, деб ўйламаган эдим. Дўстларим билан кўча-куйда шунчаки, тўп тепиб юрардим,-дейди суҳбатдошимиз. - Миллионлар ўйини билан жиддийроқ шуғулланишимга Ўктам акам сабабчи бўлган. Бунинг учун ундан беҳад миннатдорман. 9-синфни тамомлаб, пойтахтимиздаги республика Олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга кирдим. Бу ерда Одил Аҳмедов, Баҳром Йўлдошев, Муқимжон Тошматовлар билан бирга таҳсил олдик.
2004 йил бошларида коллежимизга ўйинларимизни кўргани келган Рауф Инилеевга менинг хатти-ҳаракатларим ҳам маъқул тушган шекилли, «Пахтакор» жамоасига чақирди. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Чунки мамлакатимизнинг «гигант» клубида ўйнаш - ҳар бир ёш футболчи учун орзу ва шараф. Шу кўйи дўстларим Одил Аҳмедов ва Мирзакамол Камолов билан биргаликда «Пахтакор» ўринбосарлари сафида тўп сура бошладик. Жамоанинг асосий таркибида эса биринчи бор бундан икки йил аввал «Металлург»га қарши ўйинда майдонга тушганман. Қувонарлиси шундаки, ўша баҳсда «Пахтакор» навбатдаги олтин медални қўлга киритганди.
«Навбаҳор»га ўтиш
- Ҳар бир футболчи қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, асосий таркибда мунтазам майдонга тушиш ҳамда ўйин амалиётига эга бўлишга интилиши лозим. Мен эса «Пахтакор»да асосан захирадан майдонга тушардим. Тўғри, жамоада рақобат жуда кучли. Аммо баъзи ҳолларда мураббийлар ишонч билдириб туришлари ҳам керак-да.
18-миллий чемпионат арафасида шу мақсадни кўзлаган ҳолда жамоани алмаштиришга қарор қилдим. Олдимда «Навбаҳор», «Бухоро», «Олмалиқ» жамоаларидан бирига ўтиш вариантлари мавжуд эди. Мураббий Сергей Ковшов менга қўнғироқ қилиб, «Навбаҳор»га ўтишимни тавсия қилди ва бу яхши самара беришини айтди. Таркибга жамоанинг Туркиядаги йиғини чоғида қўшилдим. Бу ерга келишим бежизга эмас. Наманган халқи футболсевар, миллионлар ўйинини жуда қадрлайди. Мухлислари ҳамиша қўллаб-қувватлаб турадиган жамоада ўйнаш табиийки, менга завқ бағишламоқда.
Кучлар тенг
- 18-миллий чемпионатимиз баҳслари қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ташқари, бошқа жамоаларнинг куч ва имкониятлари тенглашиб бормоқда. Турнир жадвалига назар ташласангиз, юқори ўринларда турган жамоани бир мағлубият пастга тушириб юбориши ёки аутсайдер клублар бир ғалаба билан ўзларини ўнглаб олишлари мумкинлигига амин бўласиз. Шахсан менга «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна» жамоалари кўрсатаётган ўйинлар манзур бўляпти.
Мавсум якунида чемпионлик масаласи яна «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасида ҳал этилса керак. Бронзага эса ҳозирча «Насаф» муносиб даъвогарлик қилмоқда.
Терма жамоа
- Гарчи 2010 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида танг аҳволга тушиб қолган бўлсакда, терма жамоамизнинг мундиалга йўлланма олишига ҳамон ишонмоқдаман. Миржалол ака Қосимов бошчилигида йигитлар бу мушкул вазифани уддалашади, деган умиддаман.
Филимоновга «совја»
- «Локомотив» билан ўтган учрашувда (7-тур - IF.) рақиб дарвозасига урган голим билан жамоамнинг Намангандаги учрашувларда биринчи ғалабани нишонлашига ҳисса қўшганимдан мамнунман. Боз устига, россиялик таниқли ва тажрибали посбон Александр Филимонов қўриқлаётган дарвозага айниқса, стандарт вазиятдан тўп киритиш ёқимли.
Мақсад - кучли бешлик
- Бу йилги мавсумга старт берилишидан олдин «Навбаҳор» раҳбарияти клуб олдига кучли бешликдан жой олиш ва кубок баҳсларида муносиб иштирок этиш вазифасини қўйган.
Мана, биринчи давранинг ярми ҳам ортда қолди. Ўйлайманки, ўйинимизни яна бироз кучайтирсак, нафақат 5-ўрин, балки медалларни қўлга киритишга бемалол даъвогарлик қилишимиз мумкин. Бунинг учун клуб мутасаддилари ва мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлаб турсалар бас.
Раҳматулло Бердимуродов
Туғилган санаси ва манзили: 1987 йил 24 октябрь, Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани.
Бўйи: 187 см; вазни: 70 кг.
Биринчи мураббийи: Баҳодир Каримов.
10 ёшидан футбол билан шуғулланиб келади.
Ўйнаган жамоаси: «Пахта-кор» (2004-2008 йиллар). 2006 йилдан жамоанинг асосий таркибига жалб қилинган. 2009 йил бошидан ижара асосида «Навбаҳор»да ўйнаб келмоқда.
Ёқтирган футболчиси: Бахтиёр
|