4-турнинг кечиктирилган учрашувида жорий мавсумдаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлган «Насаф» бу сафар ўз мухлисларини хурсанд қилишга бел боғлаганди. Рақиб - «Суғдиёна» (жамоамизнинг келгуси турдаги рақиби) ҳам бу йил пешқадамларга муносиб қаршилик кўрсатаётгани билан олқишларга сазовор бўлаётганди. Аммо...
Меҳмонлар устози Олег Тюлькин «А» лицензиясини қўлга киритиш мақсадида пойтахтда ўқишда бўлганлиги боис, жиззахликлар майдонга жамоа катта мураббийи Шуҳрат Йўлдошев қўл остида тушишди. У эса ўйиндан олдин таркиб борасида муаммога дуч келди. Аввалги турда «Пахтакор» билан бўлган учрашувда майдондан четлатилгани боис, «Сўғдиёна» сардори Даврон Файзиев майдонга тушолмасди. Натижада Йўлдошев таркибда айрим ўзгаришларни амалга оширишга мажбур бўлди.
Илк дақиқаларданоқ устунликни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишган мезбонлар бирин-кетин Умид Хонимқулов дарвозаси олдида хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Бу уринишлар 14-дақиқага келиб самара берди. Самандар Шодмоновнинг бурчак зарбасидан кейин тўпга эга чиққан Камолиддин Мурзоев уни боши билан Анатолий Маткевичга узатди. У эса ўз навбатида боши ёрдамида Илҳом Шомуродовни ўйинга «чорлади». Илҳом ҳам тўпга бошини «қўйди» ва голни тантана қилишга тушди.
Воқеалар ривожидан руҳланган қаршиликлар орадан бироз вақт ўтгач, ҳисобдаги фарқни иккитага оширдилар. Жиззахликлар сунъий ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда хатога йўл қўйдилар. Бундан унумли фойдаланган Рустам Қодиров марказдан жарима майдончасига ёриб кириб, дарвозабон Хонимқуловни алдаб ўтди ва тўпни хотиржам ҳолда «манзили»га равона қилди. Меҳмонлар томонидан содир этилган кам сонли қарши ҳужумлар эса бирор марта ўз ниҳоясига етмади.
Иккинчи бўлим ҳам воҳаликларнинг ташаббуслари остида ўтди. Айниқса, захирадан майдонга туширилган футболчилар ўзларини кўрсатишди. Мезбонлардан украиналик ҳужумчи Олег Мельник, меҳмонлардан эса ярим ҳимоячи Муқимжон Тошматовлар майдонда фаол ҳаракат қилишди. Бир-икки вазиятда Тошматовнинг зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, Мельникнинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, қаршиликлар сўнгги дақиқаларда пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Украиналик форвард жарима майдончасига ёриб кирган пайтда тўп жиззахлик ҳимоячилардан бирининг қўлига тегди. Учрашув бош ҳаками Явар Нажафалиев иккиланмай ўн бир метрли жарима зарбасини белгилади. Пенальтини Жаҳонгир Жиямуродов аниқ амалга ошириб, ҳисобни йирик кўриниш олишини таъминлади. Шу тариқа мезбонлар жорий мавсумдаги илк йирик ҳисобдаги ғалабаларини нишонлаган бўлсалар, жиззахликлар биринчи марта бундай ҳисобда мағлуб бўлишганини тан олишди.
3 май
«НАСАФ»-«СЎҒДИЁНА»-3:0 (2:0)
Қарши. 14655 томошабин.
Ҳакамлар: Я.Нажафалиев-8,8; Х.Мирааҳмедов-9,0; М.Саидқосимов-9,4; М.Бекдуллаев-9,0.
Голлар: И.Шомуродов (13), Р.Қодиров (21), Ж.Жиямуродов (89-пен.).
«Насаф»: М.Павленко, Б.Қораев, А.Маткевич, Ж.Жиямуродов, Р.Қодиров (Ж.Бобоев, 61), И.Шомуродов (Б.Муртазоев, 72), Л.Тўраев, Ҳ.Каримов, А.Филипосян, К.Мурзоев (О.Мельник,39), С.Шодмонов.
«Сўғдиёна»: У.Хонимқулов, М.Пўлатов, А.Агалиев, А.Йўлдошев (М.Тошматов, 27), С.Ҳамидов, П.Павлов (Б.Абдумўминов, 61), Э.Жаҳонов, О.Жўрабоев, М.Ҳошимов, Р.Шоймардонов, Д.Каримқулов (Т.Абдулманов, 72).
Огоҳлантиришлар: Б.Муртазоев (25) - П.Павлов (12).
Назоратчи: Б.Галеев.
Ўйиндан кейинги фикрлар
Шуҳрат Йўлдошев («Сўғдиёна» катта мураббийи): - Олег Тюлькин ўқишда бўлгани сабаб, жамоани бугун мен майдонга олиб тушдим. Клубимиз етакчиси ва сардори Даврон Файзиев дисквалификация туфайли майдонга тушолмади. Бу жамоанинг ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Дастлабки 20 дақиқадаёқ ҳимоячиларнинг қўпол хатолари оқибатида мезбонлар ҳисобда икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишди. Тезкор голлар ҳам йигитлар шаштларини туширди. Руҳий ҳолат сабабми, шогирдларимнинг гол уриш учун қилган ҳаракатлари самарасиз якунланди.
Ўз ўрнида «Насаф» раҳбарияти ва мухлисларини бугунги ҳаққоний ғалаба билан табриклайман.
Жамоамиздаги молиявий муаммолар Худога шукр, ортда қолди. Клубимиз раҳбарлари ва ҳомий ташкилотлар бу масалада катта ёрдам беришмоқда.
Виктор Кумиков («Насаф» бош мураббийи): - Рақиб дарвозасига иккита тўп киритилгунга қадар шогирдларим яхши ўйин намойиш этишди. Кейин эса учрашув тақдири ҳал бўлди, деб ўйлашди, шекилли, ҳужумни бироз бўшаштириб юборишди. Танаффусда футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик. Бунинг натижасида шогирдларим ҳисобни йирик ҳолга келтиришди.
Камолиддин Мурзоевнинг ўйини унчалик қовушмаганлиги сабабли, уни эртароқ алмаштиришга мажбур бўлдим. 8 кун ичида 3та учрашув ўтказдик. Бу албатта, жамоамиз ўйинига таъсир қилмай қолмади. Хайриятки, ҳисоб барибир ижобий бўлди.
|