Ўтган турда энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатган «Навбаҳор»нинг янада чиройли футбол намойиш этиши кутилганди. Зеро, чемпионат аутсайдерлигига «даъвогарлик» қилаётган «Металлург»нинг «Марказий» ўйингоҳга очко олиш илинжида ташриф буюргани ҳам айни ҳақиқат эди. Чунки Р.Мирсодиқов шогирдлари ўтган турда ўз майдонларида «Насаф»га «қурбон» бўлишганди. Шунинг учун ҳам бекободликлар ижобий якунни мақсад қилган ҳолда дастлабки дақиқаларданоқ ҳужумга ўтишди.
Бироқ тез орада наманганликлар ҳам уюшқоқ футбол намойиш этиб устунликни ўз қўлларига олишди. М. Байрамов ва Р. Қурбонмамедов шогирдлари кетма-кет ҳужумлар натижасида бурчак зарбасини «ишлашди». Яна ўша Раҳматулло Бердимуродовнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг яна ўша Дилшод Жабборов (улар ўтган турда ҳам гол ҳосил қилишганди) уни боши билан М.Икромов дарвозасига «михлаб» қўйди. Голдан сўнг кураш майдон марказига кўчди. Меҳмонлар ҳам онда-сонда тезкор ҳужумлар уюштиришди ва рақиб ҳимоячиларини саросимага солиб туришди. Дастлабки 45 дақиқаликда меҳмонлардан Б.Калевич, наманганликлардан эса Г.Овеков қулай вазиятларни кўкка совурди.
Иккинчи бўлимда ҳам «навбаҳорчилар» асосан тезкор ҳужумларга таянишди. «Металлург»нинг сербиялик легионери ижросидаги кучли зарбадан сўнг тўп Б.Бердиев қўриқлаётган дарвоза тўсинига урилганини ҳисобга олмаганда, ҳаммаси бир маромда кечаётгандек эди. Лекин 66-дақиқада Н.Отақўзиевнинг алдамчи ҳаракатлари 11 метрлик жарима зарбаси белгиланиши билан якун топди ва ҳисоб - 2:0. Шундан кейин бекободликлар тақдирга тан бергандек кўринишди. Майдон эгалари бундан унумли фойдаланиб, янада жонланишди. Охир-оқибат қўшиб берилган дақиқаларда Д.Жабборовнинг ажойиб тўп оширишидан Н.Отақўзиев унумли фойдаланди.
Шу ўринда айтиш жоизки, «Навбаҳор» айни кунларда кўплаб жамоаларда бўлгани каби молиявий қийинчиликларни бартараф этиш борасида изчил ҳаракат қилмоқда. Жамоа аъзолари эса ўйингоҳга ташриф буюраётган минглаб ишқибозлар ҳурмати учун ҳам мазмунли футбол намойиш этишни давом эттиришмоқда. Шундай экан, наманганлик ишқибозлар, хусусан, жамоа фан-клуби аъзолари номидан футболчиларга миннатдорчилик билдириб қоламиз. Бинобарин, буни биздан фанатлар илтимос қилишди... Уларнинг фикрларича, «лочинлар» ҳам фақат мухлислар учун ўйнашмоқда.
2 май
«НАВБАҲОР»-«МЕТАЛЛУРГ»-3:0 (1:0)
Наманган. 12152 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов-9,7; А.Расулов-9,6; Ж.Саидов-9,4; В.Нажафалиев-9,0.
Голлар: Д.Жабборов (18), М.Фозилов (66-пен.), Н.Отақўзиев (90}3).
«Навбаҳор»: Б.Бердиев, Ю.Шеленков, Р.Бердимуродов, В.Кирьян, О.Пирматов (Д.Ҳожиев, 53), Д.Жабборов, Б.Йўлдошев, Н.Отақўзиев, Г.Овеков (М.Фозилов, 62), М.Караданов, А.Маҳмудов (А.Султонов, 73).
«Металлург»: М.Икромов, О.Исабоев, С.Акбаров, Ҳ.Ҳошимов, Ғ.Ҳалимтоев, А.Ковалёв, У.Тожимов, Т.Турдиев, Б.Калевич (З.Абдуллаев, 70), Ш.Йўлдошев (Ж.Ўринов, 25), И.Қурбонов.
Огоҳлантириш: Ҳ.Ҳошимов (11, М.).
Назоратчи: И.Нурматов.
Ўйиндан кейинги фикр
Мустафо Байрамов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Авваламбор ишқибозларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўйин тўғрисида тўхталадиган бўлсам, майдонга фақат ғалаба қозониш учун тушгандик. Агарда яратилган қулай вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, ишимиз янада енгилроқ кечарди. Айниқса, Г.Овеков... Умуман олганда, жамоамиз яхши ўйин кўрсатди ва ҳақли тарзда ғалабага эришдик.
- Кўп ҳолларда чап қанот ярим ҳимояси «парокандалик»ка учради...
- Тўғри. Бинобарин, қолган ҳимоячи ва ярим ҳимоячилар ўз вақтида ёрдамга етиб келсалар, бундай бўлмасди, деб ўйлайман.
|