«Локомотив» жорий мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Жамоа «Пахтакор» ва «Насаф» билан сафарда дуранг қайд этиш баробарида водийнинг икки жамоаси - «Андижон» ва «Нефтчи» устидан ғалаба қозониб, совринли ўринларга даъвогарлардан бири эканлигига шаъма қилгандек, гўё. Жамоамиз«Навбаҳор»нинг эса ўз майдонида, минглаб ишқибозлари ҳурмати учун чиройли ўйин кўрсатиши талаб этиларди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу учрашув принципиал аҳамиятга ҳам эга эди. Боиси, «Локо» таркибидаги кўплаб футболчилар ўтган йили Наманганда тўп суришганди. Уларнинг ўзларини нималарга қодирликларини кўрсатишга интилишлари табиий эди. Аммо шу куни «лочинлар» жорий йилдаги ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш этдилар ва ҳақли тарзда ғалаба қозонишди.
Дастлабки дақиқалардан ташаббусни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишган Мустафо Байрамов шогирдлари Александр Филимонов дарвозаси олдида бирин - кетин хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Аммо Гуванчмуҳаммад Овеков, Дилшод Жабборов ва Носир Отақўзиевларнинг зарбаларига аниқлик етишмади. Ўз навбатида, меҳмонларнинг қарши ҳужумлари ҳам хавфли тус олди. Алексей Кликуновнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтган бўлса, жамоа сардори Нўъмон Ҳасанов томонидан йўлланган тўпни Байрамниёз Бердиев ушлаб олди. Хуллас, биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.
Танаффусдан сўнг фаолликни оширган мезбонлар 60-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Раҳматулла Бердимуродовнинг бурчакдан оширган тўпга шу куни майдонда фаол ҳаракат қилган Алишер Маҳмудов зарба берди ва тўп Дилшод Жабборовни «топди». Дилшод эса уни боши билан Филимонов қўриқлаётган дарвозага аниқ йўллади. Ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланган Вадим Абрамов шогирдлари қулай имкониятлар яратишди. Алексей Кликуновнинг кучли зарбасидан сўнг тўп ҳимоячига тегиб қайтди. Ушбу вазиятдан бир дақиқа ўтар-ўтмас, наманганликлар ҳисобдаги фарқни иккитага оширишди. Раҳматулла Бердимуродов 35-40 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган жарима зарбасини қойилмақом тарзда амалга ошириб, россиялик посбонга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бурама усулда тепилган тўп дарвоза тўридан жой олди. 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган мезбонлар учрашув сўнггида ўйин суръатини бироз пасайтириб юбордилар. Бундан фойдаланишга ҳаракат қилган меҳмонлар ҳужумни кучайтирдилар. Аммо Вадим Абрамов шогирдларига уларни самарали якунлаш насиб этмади. Шундай қилиб, улар мавсумдаги 2-мағлубиятни «қабул қилиб» олишди.
Ўйиндан кейинги фикрлар
Мустафо Байрамов («Навбаҳор» бош мураббийи вазифасини бажарувчи): - Аввалги икки учрашувда мағлубиятга учраганимиз сабаб, ушбу ўйинда ғалаба қозонишимиз зарур эди. Биринчи бўлимда шогирдларим учта имкониятдан унумли фойдалана олишмади. Хайриятки, танаффусдан кейин омад кулиб боқиб, иккита гол урдик ва ғалабани расмийлаштирдик. Ўз навбатида бутун учрашув давомида жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Кейинги ўйинларда ҳам уларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз.
Вадим Абрамов («Локомотив» бош мураббийи): - Агарда шогирдларим биринчи бўлиб гол уришганида, учрашув тамоман бошқача кўриниш оларди. Аммо Алексей Кликуновнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегди. Умуман, ўша вазиятда омад биздан юз ўгирди. Жиддий рақибларга қарши кечган ўйинларда очко олишга эришгандик. Наманганликлар эса бизни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлишди...
25 апрель
«НАВБАҲОР»-«ЛОКОМОТИВ»-2:0 (0:0)
Наманган. 15731 томошабин.
Ҳакамлар: А.Ҳотамов-9,3; Р.Самандаров-8,8; О.Жумаев-9,0; А.Мўминов-8,0.
Голлар: Д.Жабборов (60), Р.Бердимуродов (69).
«Навбаҳор»: Б.Бердиев, Ю.Шеленков, Р.Бердимуродов, В.Кирьян, О.Пирматов, Д.Жабборов, Б.Йўлдошев, Н.Отақўзиев (Э.Низомбоев, 90}2), Г.Овеков (Т.Султонов, 89), М.Караданов (А.Султонов, 84), А.Маҳмудов.
«Локомотив»: А.Филимонов, И.Кучеренко (С.Баканов, 66), Т.Айзатуллов, Р.Боқиев, А.Мальцев, Н.Ҳасанов (И.Раҳимов, 57), М.Умрзоқов, О.Новкаров, П.Соломин (А.Тўхтабоев, 62), А.Кликунов, В.Почуев.
Огоҳлантиришлар: Г.Овеков (60) - Р.Боқиев (68).
Назоратчи: Ғ.Каримов
|