- Мен доимо шаҳрим мухлисларини биринчи ўринга қўйиб келганман. Терма жамоа сафида тўп тепаётган кунларим ҳам илк табриклар айнан водийдан келарди. Айрим ўйинлардан фарқли равишда, «Навбаҳор» билан баҳсда гол ураман, деб майдонга тушмайман. Аммо бу футбол, профессионал футболчи ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиши даркор. Буни мухлислар тўғри тушунишлари керак. Ўйин тугаганидан сўнг вилоятлик дўстларим билан суҳбатлашганимда, улар чиройли гол муаллифи бўлганлигим билан табриклаб, терма жамоа сафида ҳам шундай голлар уришимга тилак билдирдилар.
Ўша куни мени қўллаб-қувватлаш учун Намангандаги стадионга оила аъзоларим, шахсан дадам ва акаларим келишганди. Буни қарангки, улар мен гол урган дарвоза ортидаги сектордан жой олишганди. Урган голимдан қувонганимдан сўнг мен ўша сектор томон бориб, оила аъзоларим билан қувончимни баҳам кўрдим. Узоқдан югура туриб, бош бармоғим билан дадамга қарата голимни уларга бағишлаганимни билдирдим... Ишонасизми, ёшлигимдан «Навбаҳор»га ишқибозлик қиламан. Ютуқларидан қувониб, салбий натижасидан қайғурардим. Ҳозир «Пахтакор» сафида тўп тепаётган бўлсам-да, шаҳрим жамоаси ҳамиша диққат-эътиборимда туради. Чунки у ерда дўстларим тўп тепади, яқинларим эса «Навбаҳор» мухлисларидир.
* Яқинда бир гуруҳ наманганлик ишқибозлар номидан «Пахтакор» расмий веб сайтига қуйидаги мазмунда мактуб келди:
- Аввало, Одил Аҳмедовни «Пахтакор» жамоасининг сардори этиб тайинлангани билан чин дилдан муборакбод этамиз. Шахсан биз Одил билан ҳамшаҳар эканлигимиздан фахрланамиз. Кўпчилик ишқибозлар қатори биз ҳам «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувини томоша қилгани Намангандаги марказий стадионга ташриф буюргандик. Одил гол уриб югурган паллада уни зимдан кузатдик ва мухлислар олдига бориб кимнидир қидирганлигига эътибор қаратдик. Айрим мухлислар унинг ҳаракатини нотўғри талқин қилдилар. Аксар интернет сайтларида ҳам воқеа кўпиртириб ёзилганини ўқиб, дўстларим билан сайтингизга хат ёзишга жазм этдик. Одил, халқимизда «Гуруч курмаксиз бўлмайди деган» деган мақол бор. Шундай экан сен ҳақингда ёмон фикрга борган «мухлислар» номидан биз узр сўраймиз. Орзуга айб йўқ, дейдилар. Бир кун келиб сени «Навбаҳор» либосида кўрсак хурсанд бўлардик. Қаерда бўлмагин, биз мухлисларни қувонтиришда давом эт!
|