Чемпионатнинг эндигина 5 тури ортда қолди. Ҳали ҳаммаси олдинда, деб ўйлайман. Дастлабки турлардаги дуранг натижалар миллий чемпионатимизни сезиларли суръатда савияси ошаётганидан далолат беради. Жорий мавсумда ҳар бир жамоа ўз майдонида уч очкога лойиқ ўйин намойиш этаётганлиги қувонарлидир. Наманганда ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйин осон кечмади. «Навбаҳор» футболчилари минглаб мухлислар қаршисида ҳисобни қисқартирганларидан сўнг, ҳакамнинг ўйин якунини билдирувчи ҳуштаги янграгунига қадар жиддий қаршилик кўрсатдилар.
Ёш ва иқтидорли футболчи, сардорлик боғичи остидаги дастлабки ўйиндаёқ муваффақият қозонди. Ўзбекистон миллий чемпионати доирасидаги «Навбаҳор»га қарши кечган ўйинда эса тур безагига айланган гол муаллифи бўлди.
ОДИЛ АҲМЕДОВ:
Навбаҳор-Пахтакор ўйини куни мени қўллаб-қувватлаш учун Намангандаги стадионга оила аъзоларим, шахсан дадам ва акаларим келишганди. Буни қарангки, улар мен гол урган дарвоза ортидаги сектордан жой олишганди. Урган голимдан қувонганимдан сўнг мен ўша сектор томон бориб, оила аъзоларим билан қувончимни баҳам кўрдим. Узоқдан югура туриб, бош бармоғим билан дадамга қарата голимни уларга бағишлаганимни билдирдим... Ишонасизми, ёшлигимдан «Навбаҳор»га ишқибозлик қиламан. Ютуқларидан қувониб, салбий натижасидан қайғурардим. Ҳозир «Пахтакор» сафида тўп тепаётган бўлсам-да, шаҳрим жамоаси ҳамиша диққат-эътиборимда туради. Чунки у ерда дўстларим тўп тепади, яқинларим эса «Навбаҳор» мухлисларидир.
Мен доимо шаҳрим мухлисларини биринчи ўринга қўйиб келганман. Терма жамоа сафида тўп тепаётган кунларим ҳам илк табриклар айнан водийдан келарди. Айрим ўйинлардан фарқли равишда, «Навбаҳор» билан баҳсда гол ураман, деб майдонга тушмайман. Аммо бу футбол, профессионал футболчи ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиши даркор. Буни мухлислар тўғри тушунишлари керак. Ўйин тугаганидан сўнг вилоятлик дўстларим билан суҳбатлашганимда, улар чиройли гол муаллифи бўлганлигим билан табриклаб, терма жамоа сафида ҳам шундай голлар уришимга тилак билдирдилар.
Айни пайтда «Пахтакор» либосида тўп суряпман. Балки, йиллар ўтиб наманганликлар сафидан ўрин оларман. Ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта бўлса-да, кейинчалик мураббий бўладиган бўлсам, албатта, Наманганда истеъдодли футболчиларни тарбиялаган бўлардим. Чунки, вилоятимиз истеъдодларга бой. Олий лигамизнинг гранд жамоаларида тўп тепаётган ҳамшаҳарларимнинг сонидан ўзингиз ҳам хулоса чиқариб олишингиз мумкин. - Биласизми, жамоамизда жарима зарбасини қойилмақом уддалайдиган ўйинчилар кўп. Илҳом Суюнов, Боян Миладинович ва Александр Гейнрихлар ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланишлари мумкин. Имкон қадар машғулотларда улардан бирон-бир услубни ўрганишга ҳаракат қиламан. Менимча, жарима зарбаси тепилаётган паллада футболчига омаддан кўра кўпроқ аниқлик зарур. Зарбанинг кучидан қатъий назар, траекторияни аниқ чамалаб, тўпга зарба берсангиз, зафар қучишингиз турган гап.
|