Автор: ПФК-НАВБАҲОР
Жорий йилги миллий биринчилигимиз баҳслари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. 1 март куни навбатдаги - 18 - чемпионат старт олади. Ҳа, мухлислар орзиқиб кутган онлар келишига ҳам оз қолди. Шу боис, барча клублар янги мавсум тайёргарлигига зўр беришмоқда. «Бунёдкор» ва «Пахтакор» клублари янгича тизимда ўтадиган Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасида, «Нефтчи» эса ОФК кубоги турнирида иштирок этади.
Янги мавсум арафасида жамоаларнинг кўпчилиги ўқув-машғулот йиғинларини хорижда олиб боришган бўлса, айрим клублар мамлакатимизда шуғулланишни афзал билишди. Хорижда ўтказилган йиғинлар жамоаларимизга фойда бериши, шубҳасиздир. Чунки чет элда клубларимиз жаҳоннинг кучли жамоаларига қарши назорат-синов учрашувларида майдонга тушадилар. Бу эса футболчиларнинг майдонда бир-бирларини яхши тушунишлари, жисмоний ҳолатларини яхшилаб олишлари ва жамоавий ўйинни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.
Жорий йилда мамлакатимизнинг тўққиз жамоаси хориж мамлакатларида йиғинлар олиб боришди. Эътиборли жиҳати, улардан учтаси пойтахт, яна учтаданини водий ва воҳа, аниқроғи Қашқадарё вилояти клублари ташкил этишди. Ушбу жамоалардан айримлари эса ҳаттоки, икки-уч давлатда машғулотлар ўтказишга ҳам улгуришди. Қуйида чет элда йиғинлар ўтказган жамоалар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз. Булар: «Бунёдкор» (клуб аъзолари машғулотларни Испания, БАА ва Туркияда олиб боришди), «Пахтакор» (БАА, Туркия, шунингдек, «пахтакорчилар» Москвада бўлиб ўтган «МДҲ чемпионлари кубоги» турнирида ҳам иштирок этишди), «Нефтчи» (БАА, Туркия), «Машъал» (Туркия), «Андижон» (Туркия), «Локомотив» (БАА, Туркия), «Насаф» (Туркия), «Шўртан» (Туркия) ва «Навбаҳор» (Туркия).
Юқорида номлари келтирилган клубларнинг мухлислари ўз суюклиларидан ғалабалар ва медаллар кутишга ҳақлилар. Чунки чет элда йиғин ўтказадиган жамоалар ўз олдиларига жиддий мақсадларни қўйишади. Лекин доим ҳам ниятлар амалга ошавермайди. Шу сабабли бўлса керак, айрим клубларнинг раҳбарлари машғулотларни ўз юртимизда ўтказишни афзал билишади. Бир томондан улар ҳақ. Чунки шунинг баробарида анча маблағ тежаб қолинади. Сабаби, хорижда йиғин ўтказилса-ю жамоа юқори ўринлар учун кураш олиб бормаса, бундан қандай наф бор? Чет элда йиғин ўтказиш мавсумга жиддий ҳозирлик кўришга аҳд қилган жамоалар учун фойдалидир.
Ўтган йилги мавсум натижаларидан хулоса ясаган ҳолда, бунга бир неча мисолларни келтириш мумкин.
2008 йилда мамлакатимизнинг 10та клуби хориж давлатларида ўз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди. «Бунёдкор» (Украина, Туркия), «Пахтакор» (БАА, Туркия, шунингдек, Санкт-Петербургда бўлиб ўтган «МДҲ чемпионлари кубоги» турниридаги иштирок), «Нефтчи» (БАА, Туркия), «Машъал» (Туркия), «Андижон» (Туркия), «Динамо» (БАА, Туркия), «Насаф» (Туркия, ушбу давлатда икки марта йиғин ўтказилган), «Шўртан» (Туркия), «Бухоро» (Туркия) ва «УзДонгЖу» (Туркия) клублари шулар жумласидандир. Ушбу клубларнинг ўтган йили қандай натижаларни қайд этишгани барчамизга аён (Мақоламиз сўнггида якуний жадвални эътиборингизга ҳавола этяпмиз). Хориж йиғинлари «Бунёдкор», «Пахтакор», «Нефтчи», «Машъал», «Андижон» ва «Динамо» жамоаларига анча фойдали бўлди. Ушбу клублардан учтаси («Бунёдкор», «Пахтакор», «Нефтчи») медалларга эга чиқишган бўлса, қолганлари ҳам юқори поғоналарни банд этишди. Бироқ «Насаф», «Шўртан», «Бухоро» ва «УзДонгЖу» клублари учун чет эл йиғинлари унчалик самара бермади. Воҳанинг икки жамоаси чемпионатда ўз имкониятидан паст даражада иштирок этишган бўлса, бухороликлар 15-поғонани банд этишди. «Бўёқчилар» эса олий лигани тарк этишга мажбур бўлишди. Тўғри, ушбу жамоаларда мураббийлар қўнимсизлиги юз берганлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Юқоридаги тўрт клубда бир мавсум давомида уч, баъзиларида ҳаттоки, тўрт нафар мутахассис ишлашга улгуришди. Балки ушбу омиллар ҳам мазкур жамоаларнинг муваффақиятсиз иштирокига сабаб бўлгандир?
Лекин ўз юртимизда машғулотлар ўтказган айрим клублар, жумладан, «Металлург» (6-ўрин), «Локомотив» (8-ўрин), шунингдек, 2007 йилги мавсумда биринчи лигада иштирок этган «Олмалиқ» (ОТМК, 11-ўрин) ҳамда «Сўғдиёна» (12-ўрин) жамоалари ҳам яхши натижаларга эришишди. Мисол учун бекободликлар ўтган йилги мавсум арафасида ўз машғулотларини кўпроқ Чирчиқда ташкил этишди. Жамоа бу йил ҳам ўз анъанасини давом эттирмоқда. Аммо «Металлург»ни мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан бири Рустам Мирсодиқов бошқаришини ҳам унутмаслик лозим. Олмалиқликлар эса ўтган мавсумнинг давралар оралиғида Иссиқкўлда йиғин ўтказиб қайтишди. Шу туфайлими ёки бошқа сабабми, ҳар ҳолда жамоа ўз олдига қўйган мақсадига эришди.
Мавсум статистикасига назар ташлаб, шундай хулосага келиш мумкинки, хориж йиғинлари ҳам жамоаларга самара келтиради. Бироқ жамоанинг қандай натижа қайд этиши фақатгина хориждаги йиғинларга эмас, балки мураббийларнинг маҳоратларига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқдир . Бизни қувонтиргани эса хориж мамлакатларида ўқув-машғулот йиғинларини олиб борадиган клублар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганидир. Аввалги йилларда саноқли клубларгина чет элда йиғинлар ўтказишарди. Ҳозир эса уларнинг сони сезиларли даражада ошди. Бу эса клубларимизнинг бюджетлари яхшиланаётганидан далолат беради.
|