Автор: ПФК-НАВБАҲОР
Хабарингиз бор, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби айни пайтда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боряпти. Наманганликлар у ерда икки ҳафтага яқин вақт давомида бўлиб, бир қатор назорат учрашувлари ўтказишни режалаштиришган. Ўтган йилги мавсумни ўз имкониятидан паст даражада ўтказган жамоа жорий йилда ўз олдига қандай мақсадларни қўймоқда? Биз бу саволга жавоб топиш мақсадида Туркия сафари олдидан «Навбаҳор» клуби раиси Мухтор Усмоновдан интервью олдик.
- Жамоамизда соғлом муҳит юзага келган, - дея гап бошлади суҳбатдошимиз. - Машғулотлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда. Яқиндагина йигитлар Тошкентдаги йиғинни якунлашди. Эртадан эса жамоамиз вакиллари машғулотларни чет эл, яъни Туркиянинг Анталия шаҳрида давом эттиришади (суҳбат 4 февраль куни бўлиб ўтган). Биз у ерда 17 февралгача бўлишни режалаштирганмиз.
- Туркия йиғини давомида назорат учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилганми?
- Албатта. Анталияда олтита ўртоқлик учрашуви ўтказишни мўлжаллаганмиз. Аммо ҳозирча рақибларнинг номи маълум эмас. Фақат шуни айтишим мумкинми, Ўзбекистон клублари билан назорат учрашуви ўтказмаймиз. Бизга МДҲ жамоаларининг рақиблик қилишлари эҳтимоли юқори (Туркиядаги дастлабки ўйинни наманганликлар Россиянинг «Луч-Энергия» клубига қарши ўтказиб, 2:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди).
- Жамоа таркибига янги қўшилган футболчилар борасидаги фикрингиз?
- Мураббийлар ва умуман олганда, клуб раҳбарларининг асосий муаммолари - бу Ўзбекистон, Россия, Туркманистон ва украиналик футболчилардан бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун шиори остида ҳаракат қиладиган жипс жамоа тузиш. Умуман олганда, жамоамиз таркибига келиб қўшилган янги футболчилар ҳақидаги фикрим ижобий.
- Асосий таркибнинг ўзаги аниқландими? 2009 йилда «Навбаҳор» қандай кўринишга эга бўлади?
- Сўнгги йиғинларда биз футболчиларни адолат ва профессионализм қоидаларига амал қилган ҳолда қабул қиляпмиз. Бошқа жиҳатлар эътиборга олинмайди. Жамоамизга тўғри келмаган футболчиларга жавоб бериб юборилмоқда. Мисол учун Туркия сафари олдидан икки нафар туркманистонлик футболчи - Бахтиёр Хўжааҳмедов ва Мамедали Караданов, шунингдек, Александр Критинин, Жаводулла Ибрагимов ҳамда Шерзод Шариповларга жавоб бериб юборилди. Анталияга эса янги футболчилардан Носир Отақўзиев, Мухтор Фозилов, Темур Султонов ва Раҳматулла Бердимуродовлар олиб кетилди. - Жамоанинг молиявий аҳволи қандай?
- Вилоят ҳокимлигининг қўллаб - қувватлаши натижасида молиявий муаммолар ҳал этилди. Жумладан, клубимиз ўтган йилги мавсум учун барча футболчилар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлди. Бундан ташқари, янги мавсум тайёргарлиги учун барча шароитлар яратилган. Сўнгги пайтларда жамоа учун бундай шароитлар яратилмаганди. Футболчилардан эса фақат бир нарса - машғулотларда яхши иштирок этиб, мухлислар ишончини оқлаш талаб этилади.
- Айтганча, жорий мавсумда «Навбаҳор»нинг олдига қандай вазифа қўйилмоқда? Жамоанинг ўтган йилги натижалари ҳеч кимни қониқтирмаслиги аниқ.
-Клубимизнинг олдига аниқ бир ўринни эгаллаш вазифаси қўйилмаган. Фақат шуни таъкидлашим мумкинки, мураббийлар ва футболчилар энг юқори ўринлар учун курашиш, жиддий мақсадларни амалга ошириш учун бел боғлаганлар. Миллий чемпионатларимизнинг кўп карра совриндори, 1996 йили мамлакат чемпиони бўлган жамоа учун олтиинчи ўрин ярашмайди. Хўш, бу йил нима бўлади? Ўлмасак, кўрамиз. Айтишади-ку, жўжани кузда санайдилар, деб.
Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга мурожаат қилмоқчиман: шундай қийин пайтда севимли жамоангизни доимо қўллаб-қувватланг, стадионга ташриф буюринг.
|